Биласизми?

Озиш учун энг самарали таъсир кўрсатувчи маҳсулотлар рўйхати

Кўнгилдагидек кўринишга эга бўлиш учун энг аввало ортиқча вазндан халос бўлиш керак. Турли-туман парҳезлар биздан етарлича ирода кучи ва маблағни талаб қилади. "Шафқатсиз қурбонликларсиз" сарвқомат бўлиш имконини берувчи восита бормикан? Афсуски, "Гўзаллик қурбонликларни талаб қилади" деган гап ҳозирча ўз кучини йўқотмаган ва муайян жисмоний машқларсиз хавфсиз ҳамда самарали озишнинг иложи йўқ.

Бироқ илм-фан жойида тўхтаб қолгани йўқ, олимлар ортиқча вазнга қарши курашишнинг тобора янги усулларини кашф қилишмоқда. Ана шундай озиш усулларидан бири рационга ёғ парчаловчи озиқ-овқат маҳсулотларини қўшиш ҳисобланади.

1. Сут маҳсулотлари

Сут маҳсулотлари (сутдан ташқари) организмда ҳужайраларни ёғ парчалашга мажбур қилувчи кальцитриол гормони сонини оширади. Ёғсиз сут маҳсулотлари: йогуртлар, кефир, творог, қатиқ — мутахассисларнинг фикрича, ортиқча вазндан халос бўлишга ва қайта ўзлаштирилувчи ёғлар сонини камайтиришга ёрдам берар экан. Сут зардоби ёғ метоболизмини тезлаштирувчи юқори сифатли сут протеинига эга. У организмнинг энергия сарфини компенсация қилиш мақсадида тери остидаги ёғнинг парчаланишига туртки беради.

2. Занжабил

Занжабил "қайноқ" маҳсулотлар сирасига киради. У ошқозонни яхши секреция ва қон билан таъминлайди ва шу тариқа организмда моддалар алмашинуви жараёнини тезлаштиради. Эфир ёғларининг юқори миқдори туфайли занжабил метаболизмни кучайтиради ва бу ёғ ҳужайраларининг тезроқ парчаланишига олиб келади. Бундан ташқари, занжабил тери ҳолатини яхшилайди, уни ёш ва чиройли қилади.

3. Карам

Оқ карам, гулкарам, брокколи — ортиқча вазнга қарши курашда беминнат ёрдамчилар. Оқ карам организмда чўтка каби ишлайди ва шу тариқа уни ортиқча нарсалардан тозалайди. Брокколи — витамин ва микроэлементлар хазинаси. Улардан бири — индол-3-карбинол эстрогенлар алмашинувини нормаллаштиради. Карам витаминларга бойлиги бўйича брокколидан кейин иккинчи ўринда туради. Карам — кам калорияли маҳсулот, шунинг учун уни ҳеч қандай чекловларсиз овқатга қўшиш мумкин.

4. Бодринг

Бодринг — озиш учун самарали восита, бироқ у мавсумий хусусиятга эга бўлиб, айнан табиий етилган давридагина максимал фойда келтиради. Уларни ҳосил ҳали у қадар катталашиб, уруғлари эса ёйилиб кетмасидан истеъмол қилиш тавсия этилади. Бодринг пўсти имкон қадар арчилмайди, чунки витамин ва минералларнинг катта қисми айнан шунда. Бодринг организмга диуретик таъсир кўрсатади, бу эса уни кам калория билан бирга ортиқча вазнга қарши курашаётган одамлар озиқланиши учун ҳам бебаҳо маҳсулотга айлантиради.

5. Долчин (корица)

Бу маҳсулот ортиқча вазнга қарши курашда нисбатан яқиндан қўлланиб келинади. Шунга қарамай, у ўзини ажойиб ёғ парчаловчи восита сифатида намоён қилишга улгурди. Долчин қондаги қанд миқдорини камайтиради ва шу тариқа ёғлар аккумуляциясини секинлаштиради. Долчинни чой, кефир, қаҳвага қўшиш мумкин. Агар 1 чой қошиқ асал, ярим чой қошиқ долчин, қайнаган сувда димланиб истеъмол қилинса, организмдаги ёғлар эрийди.

6. Грейпфрут

Грейпфрут парҳези — афсона эмас. Скриппс клиникаси тадқиқотчилари 12 ҳафта давомида ярим грейпфрут истеъмол қилган кишилар ўртача 1,5 килограммга озишганини аниқлашган. Бу цитрус ўзининг кимёвий хусусиятлари сабаб С витаминига тўла, у инсулин даражасини камайтиради, бу эса вазн камайишига олиб келади.

Бу ажойиб мева — организмдаги ёғларнинг энг фаол қотили. Флавоноид ва нарингиннинг юқори миқдори туфайли у кучли пешоб ҳайдовчи таъсирга эга, шу билан бирга, у организмга таом билан кирувчи ёғларни ажратиб чиқаришга қодир. Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, грейпфрутни ичидаги аччиқ тасмаларини тозаламай ейиш керак, чунки ёғларни парчаловчи модда айнан шу ерда.

7. Кўк чой

Кўк чой — ёғларнинг "қотили". Тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўк чой экстракти моддалар алмашинувини тезлаштиради ва вазн ташлашга ёрдам беради. Бу чой кайфиятни яхшилайди ва эҳтимол, антиканцероген хусусиятларга эга, шунингдек юрак касалликларини олдини олишда ёрдам беради. Кўк чой юлдузлар орасида жуда урф бўлган ичимликдир. У организмда моддалар алмашинувини 15-20 фоизга тезлаштирувчи катта миқдордаги табиий кофеинга эга. Кўк чой нафақат тери остидаги ёғларни, балки энг хавфли ҳисобланган висцерал - ички ёғни ҳам осонликча ювади. Кунига уч пиёла кўк чой ичилса, ҳатто жуда семиз кишилар ҳам озади.

8. Сув

Янги тадқиқот сув вазнни камайтириш жараёнини тезлаштиришидан далолат бермоқда. Германиялик олимлар кунига 500 мл сув ичган тадқиқот иштирокчилари калорияларни парчалаш тезлигини 30 фоизга оширганини аниқлашди. Сув шунингдек организмдан туз ва токсинларни ювиб чиқариб, иштаҳани табиий сўндирувчи ҳисобланади. Етарли миқдорда сув ичиб, сиз шунингдек ташналикни очлик сифатида қабул қилишдек хатоларни четлаб ўтишингиз мумкин.

9. Малина

Малина ёғларни парчалашга туртки берувчи мева энзимларига эга. Ярим соатда истеъмол қилинган ярим стакан малина ошқозонга кўп овқатни ўзлаштиришга ёрдам беради. Бу мева метаболизмни тезлаштиради. Боз устига, 100 грамм малинада атиги 44 калория мавжуд.

10. Хантал

Хантал ошқозон суви секрециясини рағбатлантиради ва ошқозон-ичак тракти фаолиятини яхшилайди.

11. Апельсин

Ёғларни парчаловчи маҳсулотлар албатта қандайдир бемаза нарса бўлиши керак, деб ким айтди? Бир апельсин 70-90 калория "вазн"га эга. Асосийси, бу мева истеъмол қилингандан кейин тўқлик ҳисси 4 соатгача сақланиб қолади.

12. Бодом

Бодомда мавжуд ёғларнинг фақат 40 фоизи ҳазм бўлади. Қолган 60 фоизи тўйиниш ва ажралишга улгурмай организмдан чиқади, яъни бодом тўйинтиради ва бунда ўзидан кейин кераксиз калорияларни қолдирмайди.

13. Ерқалампир

Ерқалампир (таркибида эфир мойи бўлган ва овқатга доривор сифатида ишлатиладиган аччиқ ўсимлик) илдизида мавжуд ферментлар ёғларнинг парчаланишига олиб келади. Балиқ ва гўштли таомларга ерқалампир билан ишлов беринг.

14. Ловия

Дуккаклилар — организмимиз учун жуда зарур бўлган ўсимлик оқсили манбаи. Оқсил ўз-ўзидан метаболик, бу унга ёғ ҳужайраларини ортиқча қийинчиликсиз парчалаш имконини беради. Бошқача айтганда, оқсил маҳсулотларини ўзлаштириш учун организм кўп қувват сарфлайди, уни эса ёғ захираларидан олади. Парҳезшунослар гарнир ўрнига ловия истеъмол қилишни ёки уни салатга қўшишни тавсия қилишади.

15. Кокос сути

Кокос сутида моддалар алмашинувини тезлаштирувчи ёғлар мавжуд.

16. Ананас

Ананас яқин вақтгача ёғларни фаол парчаловчи ва ортиқча вазнга қарши курашда ёрдам берувчи маҳсулотларда кенг реклама қилинган бромелайн ферментига эга. Афсуски, олимлар унинг ошқозон шираси таъсири остида ўз ферментатив хусусиятларини йўқотишини аниқлашди. Шундай бўлса-да, ананас овқат ҳазм қилишни яхшилайди ва очлик ҳиссини муваффақиятли камайтиради.

17. Папайя

Папайя липидларга таъсир қилувчи ва оқсилларни ажратувчи ферментларга эга. Бироқ папайя парҳезида ўтиришдан маъно йўқ, чунки ферментлар организмга тушганидан 2-3 соат ўтиб ўз фаоллигини йўқотади. Исталган таъсирга эришиш учун папайяни бевосита таом истеъмол қилишдан аввал, овқат вақтида ёки ундан кейин ейиш керак.

18. Олма ва нок

Кунига уч кичик олма ёки нок истеъмол қилган ортиқча вазнга эга аёллар ўз парҳезига мевалар қўшмаганларга нисбатан кўпроқ вазн йўқотишган. Рио-де-Жанейро давлат университети тадқиқотчилари шундай хулосага келишди. Сабзавотлар билан озиқланганлар умумий ҳисобда камроқ калория истеъмол қилишган. Шунинг учун кейинги сафар ширинлик егингиз келганда целлюлоза кўп бўлган паст калорияли маҳсулотларни истеъмол қилинг. Сиз тўқлик ҳиссини кўпроқ туясиз ва камроқ овқатланасиз.

19. Сули ёрмаси

Сули ёрмаси - эрувчан целлюлозанинг ажойиб манбаи. Тўқлик ҳиссини беради ва жисмоний машқлар учун зарур қувват бахш этади.

Ёғларни парчаловчи маҳсулотлар — ортиқча вазнга қарши курашишда бизнинг ишончли ёрдамчиларимиз. Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, бирорта озиқ-овқат маҳсулоти тўғри тузилган рацион ва етарлича жисмоний ҳаракатларсиз ортиқча ёғлардан халос бўлишга олиб келмайди.

Манба: Kun.uz