Бир пайтлар яхши пардоз учун аёллар соғлиғи билан ҳақ тўлашга мажбур бўлган. Симобга тўла восита билан юзини қизартирар, қошини заҳарли қалам ёрдамида қорайтирар, юз терисини қўрғошинли восита билан оқартирар эди. Илмий тараққиёт косметика таркибидаги заҳар миқдорини камайтирди.
Ҳозир косметика буюмлари аввалгидек зарарли эмас: лаб бўёғи лабларни намлантиради, тонал кремлар терини ультрабинафша нуридан ҳимоя қилади ва ҳоказо.
Аксарият ранг берувчи воситалар (тоналка) асосини сув, талк, ёғ ва пигментлар ташкил этади. Ранг учун жавоб берувчи моддаларнинг нейтрал эканлиги ва аллергия чақирмаслигига аҳамият қаратинг. Буларга руҳ оксиди ва темирни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Уларнинг барчаси шаҳар тутунидан ҳимоя қилишга қодир.
Қандай қалам олишингиздан қатъи назар унинг таркибида ёғлар, пигментлар ва мум борлигини кўриш мумкин. Мум табиий, масалан, асалари муми бўлса яхшироқ. Акс ҳолда тери қичишишига йўлиқиш мумкин. Ўсимлик ёғлари — кокос ва ши ёғи тошқаламни юмшатади.
Туш ишлаб чиқарувчилар уни киприкларингизга сура бошлашингиз билан улар ўса бошлашига ишонтиради. Тушнинг таркибида ўстирувчи омиллар (EGF ёки bFGF) бор-йўқлигини текшириб кўринг. Бу оқсил молекулалари ҳақиқатан ҳам ўстириши мумкин, бироқ кўпинча аллергия чақиради. Киприк толалари сийрак бўлсагина уларнинг самараси сезилади. Агар киприклар шусиз ҳам қалин бўлса Э витамини билан чекланишни тавсия этамиз.
Аввал лаб бўёғи таркибидан фақат мум, ёғлар ва пигментларни топиш мумкин эди. Энди эса кўплаб намлантирувчи моддаларни учратиш мумкин. Мисол учун, гиалурон кислотаси, алоэ-вера экстракти, Э витамини, шафтоли ва бодом данагидан олинган ёғлар.
Шундай экан, замонавий пардоз воситалари нафақат гўзаллик, балки соғлиқ учун ҳам фойдали ҳисобланади. Муҳими, сифатли маҳсулотлардан фойдаланиш ва уларнинг таркибига аҳамият қаратиш лозим.
Манба: Daryo.uz