Биласизми?

Пойабзал узоқ вақт хизмат қилсин, десангиз…

Пойабзалнинг яхшисини сотиб олсангиз ва тегишлича чоралар кўрсангиз узоқ вақт хизмат қилади. Лекин қандай чоралар кўриш керак? Асосий қоидалар билан ўртоқлашмоқчимиз.

Оёқ кийимингизни иложи борича сув ва лойга кўп теккизмасликка ҳаракат қилинг. Албатта буни бизнинг шароитимизда амалга ошириш жуда қийин. Лекин барибир бунга эътибор бериш керак. Айниқса бу замшдан қилинган оёқ кийимларга тегишли.

Яна бир муҳим қоида: уйда ҳеч бўлмаса 2 жуфт оёқ кийим бўлиши ва уларни алмаштириб кийиш. Гап шундаки, чармнинг тўлиқ қуриши ва аввалги ҳолига қайтиши учун бир кеча етмайди. Узоқ вақт кийиш натижасида пойабзал чўзилиб кетади ва ўзининг кўркам қиёфасини йўқотади.

Чарм пойабзални қизитилган ва иссиқ жойдан кўра салқинроқ жойда қуритган маъқул. Айниқса, уни иситгичларнинг ёнида ёки устида, шунингдек қуёшда қуритиш тавсия қилинмайди.

Пойабзалларни сақлашда яхшиси ёғоч қолиплардан фойдаланган маъқулроқ. Бу уларни букилиб қолишдан сақлайди. Бунинг учун ғижимланган газеталардан фойдаланса ҳам бўлади. Ҳеч қачон яхши қуритилмаган оёқ кийимни кийманг: ҳўл чарм осон чўзилади ва ўз шаклини йўқотади.

Ҳар мавсум охирида пойабзалларни юмшоқ матоли халтачаларга солиб қутиларга жойлаштирганингиз яхши. Намютгичларни ташлаб юборманг. Оёқ кийимларни ҳеч қачон  полиэтилен пакетларда сақламанг.

Манба: Daryo.uz