Биз кўп вақтимизни ошхонада ўтказамиз, шунинг учун ҳам у ерда ҳамма нарса жойида бўлишини хоҳлаймиз. Чойнак деворларидаги қасмоқлар, микротўлқинли печ ичидаги қотиб қолган ёғ ва плита устига тўкилган қаҳва доғлари… Бизнинг маслаҳатларимиз сизга бу муаммолардан тез ва қийинчиликсиз қутулишга ёрдам беради деб умид қиламиз.
Микротўлқинли печ
Биз ошхонада микротўлқинли печдан кўпроқ фойдаланамиз. Унинг ичидаги ёғ қатламларини қандай тозалаш мумкин?
Бир неча дона ҳўл салфеткалар олинг ва печнинг ичига қўйинг, 5-10 дақиқага энг юқори қувватда ёқиб қўйинг.
Иккинчи усул: яримта лимон шарбатини бир пиёла сув билан аралаштиринг, суюқликни микротўлқинли печ ичига қўйинг ва беш дақиқага энг юқори қувватда ёқиб қўйинг. Яна 10 дақиқа кутинг ва қоғоз салфетка билан артиб олинг.
Мебеллардаги ёғ қатламлари
Ошхона мебелидаги ёғ қатламларини қимматбаҳо ювувчи воситаларини ишлатмасдан ҳам кетказиш мумкин. Истеъмол содасига бироз ўсимлик ёғидан аралаштириш ва қаттиқроқ чўтка ёрдамида мебелнинг ҳамма юзаларини тозалаб чиқишнинг ўзи етарли. Кейин эса тоза ҳўл латта билан артиб ташланади.
Шиша това
Шиша товани тозалашда оддий фолгадан фойдаланишингиз мумкин. Уни ғижимланг ва губка сифатида ишлатинг. Куйинди доғлари қандай тез кетишини кўрасиз.
Ёқимсиз ҳидлар
Ошхона ичидаги ёқимсиз ҳидларни кетказиш учун лимон ёки апелсин пўчоқларини ёқинг — бу ҳидларни кетказишнинг энг оддий ва фойдали усулларидан бири.
Ошхона плитаси
Газ плитаси устига фолга тўшанг. Таомларни тайёрлаб бўлганингиздан кейин эса кирланган фолгани олиб ташлайсиз.
Ялтираган раковина
Раковина юзасини туз ва лимон билан артиб ташласангиз — у ялтираб кетади ва ошхона ҳавоси ҳам ёқимли бўлади.
Чойнак ичидаги қасмоқлар
Чойнак ичидаги қасмоқларни кетказиш учун, унинг ичига лимон кислотаси сепинг ёки ярим пиёла цирка қуйинг, сув солинг ва оловга қўйинг. Чойнак ичидаги сув қайнагандан сўнг, 20 дақиқа олиб қўйинг. Кейин эса сувини тўкинг ва совуқ сувда яхшилаб чайқаб ташланг. Бу амални яна бир марта такрорланг.
Кир губкалар ва латталар
Идиш ювадиган губкаларни ҳар ҳафта алмаштириш керак. Лекин шундай вазиятлар бўладики, янги губка билан бирон-бир ёпишқоқ ёки ёғли нарсани артишга тўғри келади… Уни ташлаб юборишга шошилманг: губка ва латталарни идиш ювадиган машинада 40 дақиқа давомида ювсангиз улар яна янгидек бўлади.
Манба: Daryo.uz