Саломатлик

Қайси қон гуруҳига эга кишиларда жароҳат туфайли ҳаётдан кўз юмиш хавфи юқори?

Биринчи қон гуруҳига эга кишиларда оғир жароҳат натижасида ҳаётдан кўз юмиш хавфи бошқа қон гуруҳига эга кишиларга нисбатан деярли уч баравар юқори экан. Токио тиббиёт ва стоматология университети шифохонаси олимлари 901 нафар тез ёрдам беморининг маълумотларини ўрганиб, шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари Critical Care журналида тақдим этилди, деб ёзади Kun.uz.

Маълум бўлишича, оғир жароҳат олган беморлар орасида биринчи қон гуруҳига эга кишиларнинг ҳаётдан кўз юмиш хавфи 28 фоизга тенг экан. Бошқа гуруҳларда эса бу кўрсаткич 11 фоизга тенг.

Тадқиқот муаллифларидан бири доктор Ватару Такаямунинг сўзларига кўра, қон гуруҳи ва жароҳатлар натижасидаги ўлим ҳолатларининг ўртасидаги ўзаро алоқадорликка оид ишлар жуда кам бўлган. Бундан аввал олимлар биринчи қон гуруҳига эга кишиларда қон ивиши жараёни ёмон кечиши туфайли қон йўқотиш хавфи юқори эканини аниқлашнинг уддасидан чиқишганди. Бу ушбу қон гуруҳига эга кишиларда  Виллебранд фони (қон плазмаси гликопротеини) омилининг пастлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Янги тадқиқот муаллифлари айнан шу сабабли биринчи қон гуруҳига эга кишиларда ўлим хавфи юқори эканини тахмин қилишмоқда.

"Бизнинг тадқиқотимиз шунингдек оғир жароҳат олган биринчи қон гуруҳи эритроцитларини шошилинч қуйиш гомеостаз (қон кетишини тўхтатувчи жараён)га қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ва бошқа қон гуруҳидагиларга нисбатан қандайдир фарқ бор ёки йўқлигига оид саволни ҳам юзага келтиради", - дейди Такаяма.

Шунингдек у оғир жароҳат олган беморларни даволаш учун мукаммал стратегияни ривожлантириш учун бу йўналишдаги тадқиқотларни давом эттириш заруратини қайд этди.