Биласизми?

Қишда қандай қилиб осон уйғониш мумкин? Сизни қутқарувчи 4 маслаҳат

Қишда бошни ёстиқдан ажратиб олиш жуда қийин. Эрталаб қандай қилиб уйқудан осон ва бардам бўлиб туриш мумкин? Уйғониш осон бўлиши ва яхши кайфият билан туриш учун бизнинг маслаҳатларимиздан фойдаланинг.

Ўзингизга суянинг

Уйқу учун мўлжалланган машҳур иловалардан умид қилманг. Уларнинг ёрдамида уйқуни таҳлил қилиш амалий жиҳатдан бефойда. Олаётган маълумотларингиз сизнинг ухлаш пайтингиздаги ҳаракатлантирувчи фаолликка асосланган бўлади. Бу уйқунинг тез ва секин фазасини белгилаб олиш учун етарли эмас.

Махсус гаджетлардан фойдаланинг

Масалан, ақлли будильниклар. Ёруғлик будилниги уйғонишингизнинг нафақат осон, балки ёқимли ҳам бўлишини таъминлайди. Сиз ҳар куни одатдаги будилникнинг қаттиқ ва қўпол овозидан уйғониш ўрнига, хонани ёз кунларидагидек ёритиб юборадиган ёруғлик туфайли аста-секинлик билан уйғонасиз.

Агар уйғонган бўлсангиз, мудрашда давом этманг

Агар будильник жиринглашидан олдин уйғонган бўлсангиз, яна 15—20 дақиқа мудрашнинг кераги йўқ. Уйғониб кетиш уйқу даврига боғлиқ. Уйқу — бу такрорланиб турувчи икки фазадан иборат давр: уйқунинг тез ва секин фазалари.

Аниқроғи, сиз навбатдаги бундай давр тамом бўлгани учун будильник жирингламасдан олдин уйғониб кетасиз. Уйқунинг ортиқча дақиқалари эрталабки туришни жуда қийинлаштириб юборади — балки сиз уйқунинг секин фазасида уйғонадиган бўларсиз.

Тушгача ухламанг

Айниқса қишда эрталабки соатлар жуда муҳим. Уларни ўтказиб юбормаслик ва ҳаддан ташқари узоқ ухламасликка ҳаракат қилинг, акс ҳолда сиз кузги-қишки даврда шундай ҳам кам бўлган зарур ёруғлик дозасини ололмайсиз. Айниқса бу «бойқуш»лар учун муҳим.

Куз ва қишда организм серотонинни камроқ ишлаб чиқаради, инсон кайфиятини айнан шу гормон бошқаради. Унинг миқдорини оширишнинг энг яхши йўли — қуёш нурини кўпроқ олиш.

Манба: Daryo.uz