1. Помидор шарбатидан... Бақлажонни (2 кг) ўзагидан ажратиб, думалоқ ҳалқа шаклида тўғранг ва устидан туз сепиб, 15 дақиқага қолдиринг. Сўнг ўсимлик ёғи солинган товада қизартиринг. Алоҳида товага ўсимлик ёғи (200 гр)дан солиб, майда тўғралган 2 та пиёз, қирғичдан чиқарилган 2 та сабзи ва майдаланган қалампир (3 та)ни қовуринг. Сўнг устидан помидор шарбати қуйиб, туз намагини ростланг-да, 10 дақиқа қайнатинг. Стерилланган банкаларга битта дафна барги ва тўғралган кўкатдан солиб, устидан бақлажон ва ҳалқа шаклида тўғралган помидорни (2 кг) теринг. Кетидан сабзавотли қайладан қуйиб, банкани тўлдиринг. Қопқоғини ёпиб, 15 дақиқа буғли ваннада қайнатинг.
2. Сабзи қўшилгани... Чайилган бақлажон (2 кг)ни узунасига параклаб кесинг ва ўсимлик ёғи солинган товада қизартиринг. 1 кг сабзини узун сомонча шаклида тўғраб, 200 гр майдаланган саримсоқ пиёз, 4 ош қошиқдан ўсимлик ёғи ва сирка билан аралаштиринг. Стерилланган банкаларга 5-6 бўлак бақлажонни солиб, устидан сабзили аралашмани тўлдиринг. Қопқоғини ёпиб, 15 дақиқа буғда ушланг-да, сўнг беркитинг.
3. Майонезли салат 1 кг бақлажонни ўртача катталикдаги тўртбурчак шаклида тўғраб, ўсимлик ёғи солинган қозонда 15 дақиқа қовуринг. 2 бош пиёзни майда тўғраб, алоҳида товада қизартиринг. Иккала қовурмани бир-бири билан аралаштириб, бир тутам эзғиланган саримсоқ пиёз ва бир боғ тўғралган шивит қўшинг. Туз ва мурч солиб, 6-7 ош қошиқ майонез аралаштиринг. Салатни стерилланган майонез банкасига жойлаб, музлатгичда сақлаш мумкин.
4. Паштет Майда тўғралган 2 та пиёзни 50 гр ўсимлик ёғида қовуринг. Бақлажонни ўзагидан ажратиб, 15-20 дақиқа тузли сувда қайнатинг. Сўнг тозаланган қизил булғор қалампири (1,5 кг), помидор (2 кг) билан бирга гўшт қиймалагичдан ўтказинг. Барча масаллиқларни қозонга солиб, туз намагини ростланг-да, қуюлгунича қайнатинг. Тайёр бўлгач, озроқ совутиб, блендердан ўтказинг ва стерилланган майонез банкаларига жойланг. 5. Оқ ловиядан... Оқ ловияни бир кун аввал совуқ сувда ивитиб қўйинг. Эртасига сувидан ажратиб, пишгунича қайнатинг. 2 чўмич ўсимлик ёғи солинган қозонга гўшт майдалагичдан ўтказилган помидор (1,5 кг) ва 200 гр саримсоқ пиёз солинг. Қайнаб чиққач, 1 ош қошиқ шакар, 2 ош қошиқ туз ва 100 мл сирка қўшинг. Сўнг қайнаётган масаллиққа қирғичдан чиқарилган сабзи (0,5 кг), тўртбурчак шаклда тўғралган бақлажон (2 кг) ва қизил булғор қалампири (0,5 кг) ни қўшиб, аралаштиринг. 30 дақиқа ўрта оловда қайнагач, пишган ловия билан бирга яна 20 дақиқа қайнатинг. Сўнг стерилланган банкага солиб, қопқоғини мустаҳкамлашингиз мумкин.
Манба: Darakchi.uz