Кутубхона

Қиз узатганнинг қирқ куни (бўлган воқеа)

Гулҳаёни узатганларига икки ҳафта бўлди. Бу ерларнинг одатига кўра, узатилган қизнинг ортидан қирқ кун овқат ташилади. Шу важдан тўйдан бери келиннинг укаси икки маҳалла ўртасида бўзчининг мокисидай қатнагани-қатнаган. Одатга кўра дейдилару аслида, ҳамма бу “одат”дан­ безор.

Бугун ҳам Абдусамад ўғлини эргаштирганча гузардаги сом­сахона томон йўл олди. Сомса пишиб турган экан. Аксига олиб, тандирдан узилганда мўлжал қилинган қирқтадан иккита сом­са кам чиқди. Лекин тоғора оғзи-бурнидан тўлди. Шунда ҳам Абдусамад дўппи остидан бош қашлаб, анча иккиланиб турди.

“Шуни санайдиган аҳмоқ йўқдир”, — ўйлади сўнг ўзича. Ўғлини жўнатиб, ўзи уйга кирди. Эр-хотин тўйдан қолган қаттиқ нонни мураббога ботириб тушлик қилишаётганда, Абдусамаднинг қўл телефони жиринглаб қолди. Экрандаги ёзувни кўриб юраги севинчдан ҳапқириб кетди. Қизи Гулҳаё экан. Ҳаяжон билан телефонни қулоғига тутди.

— Ассалому алейкум, — деди қиз ва бирдан пиқиллаб йиғлаб юборди.

— Нега йиғлаяпсан, қизим? Гапир, нима гап ўзи?

— Берворган сомсаларингизни қайнотам санаб кўрди. “Шуни қирқта қилса, бўларди?!”, деди. Кейин қайнонам: “Ўзи қудангиз паст-да”, деяпти…

Отанинг аъзойи баданига ўт туташгандек бўлди. Миясига бир нарса “гуп” этиб урилди.

Сўнг ҳангу манг бўлиб турган хотинига бақирганча шартта уйдан чиқиб кетди. Дарвозага етганда ўгирилиб ўшқирди: “Шу бугуноқ кўч-кўрони билан опкеламан, билиб қўй!”

Абдусамад анойи эмас. Йўл-йўлакай маҳалла йиғинига бош суқиб, оқсоқоллардан бирини эргаштириб олди.

Дарвоза эшигини тепиб кирган Абдусамад муддаога ўтишдан олдин эркак қудаси билан даҳанаки жангга ўтиб кетди. Йўл бўйи Абдусамадни шаштидан туширишга уринган, боядан бери ғазаб отига минган қудаларнинг можаросини босиқлик билан кузатиб турган оқсоқолнинг ахийри баланд ва кескин овозда “Бас!” дейишидан сўнг ўртага жимлик чўкди.

— Қизнинг сепи нималардан иборат бўлиши лозимлигини биласизларми?

Ҳеч кимдан садо чиқмагач, оқсоқол кафтини ёйиб санай кетди:

— Тўртта кўрпа, иккита якандоз, битта сандиқ, келиннинг зарур уст-боши — бир оилага келин бўлиб тушаётган қиз учун жоиз бўлган сеп, мана шу. Хўш, қуда тоға, сизнинг келинингиз мен айтганлардан кам сеп қилмадими, мабодо?

Куёвнинг отаси бошини эгди.

— Ўн баробар, юз баробар ортиқ қилса-қилганки, кам қилмаган. Битта уйни мебель билан тўлдириб, ҳаммангизга қатор-қатор сарпо кийгизган, идиш-товоғу супургисигача кўтариб келгандир? Ўғлингиз йигит боши билан аёлидан шунча нарсани миқ этмай қабул қилиб олса-ю, тан маҳрамининг битта қорнини боқолмаса, бу нима деган гап? Бир қориннинг қайғуси шунча бўлдими? Келиннинг уйидан келадиган овқатга нечта оғиз қараб турибдики, ўттиз саккизта сомса камлик қилса?!

Ҳозиргина даканг хўроздек бўйин чўзаётган эркакларнинг нафаси ичига тушиб кетган, келинчак йиғини бас қилган эди.

— Энди хулосани ўзингиз чиқаринг, — деди оқсоқол. — Шу гап шу ерда қолсину, бу ёғига муроса қилинглар. Бошқаларга ҳам етказинг — бунақа бемаза одатлардан воз кечиш керак. Ўзимиз ўйлаб топдикми, ўзимиз барҳам берайлик. Исрофгарчиликнинг уволи ўртадан меҳр-оқибатни кўтаради. Икки ёш қўша қарисин. Омин!

… Бу воқеадан кейин маҳаллада тўйдан сўнг қирқ кун зиёфат ташиш одати анча камайди. Абду­самад қудаси билан ярашиб олди, болалари тинч-тотув яшашяпти.

Бундай одат сизнинг маҳаллангизда ҳам борми, азиз газетхон? Балки исрофгарчиликларга чек қўйиш учун ушбу воқеа ибрат бўлар?

Манба: Tafsilot.Uz