Маршруткага зўрға чиқиб олган Сурайё: “Худога шукур-ей” дея беихтиёр қорнини ушлади. Қаттиқ асабийлашгани учунми, юзи қизариб кетган, ҳали туғилмаган жигарбанди эса безовта типирчилаётганди. “Одамларга ҳам ҳайронса, бу иккиқат, бу қари дейишмайди. Нақ устингдан тепкилаб уўтиб, ўзларини эшикка уришади. Сал бўлмаса оёқ остида қолиб кетасан. Эркакларни айтинг. Намунча орсиз бўлиб кетишганикин-а, булар?” Сурайё маршрутка эшигига беҳол суянди. Бироқ ташқарида кинолентадай лип-лип ўтаётган манзаралар баҳри дилини очиб юборди. Баҳорнинг илиқ, фараҳбахш кунлари танингга роҳат бағишлайди. Ўрикларнинг оппоқ гулбарглари шамолда учиб ерга тушади, замин устига ҳудди сон-саноқсиз капалаклар қўниб олгандек. Сурайё баҳорнинг айни шу чоғини жуда яхши кўради. Димоғига урилган муаттар ҳиддан ҳузурланган муаттар ҳиддан ҳузурланган Сурайё кўзларини юмиб олди. Ҳомиладорлик унга жуда ярашган, юзлари таранглашиб, бошқача чиройли бўлиб кетганди. Баҳор манзараси маҳлиё бўлиб кетаётган Сурайёнинг кўзи ёнидаги йигитнинг қўлидаги қип-қизил, ёқутдек товланаётган олмага тушди. Кўнгли шу нарсани тусагандек бўлди. Шунча ҳам олмадан кўзини ололмади. Ҳозир қанча пулга деса ҳам шу мевани сотиб олишга тайёр эди. Йигитча эса бепарво олмани қўлида айлантирар, борган сари Сурайёнинг кўзини ўйнатарди. Аёл йигитчадан олмани сшраб олмоқчи ҳам бўлди, бироқ уялди. Негадир йиғлагиси келди. Ҳозирги аҳволини саҳрода неча кундан бери сувсиз қолиб, ёнида пайдо бўлган қудуқдан сув ичолмаётган одамни эслатарди. Сурайё: -Ҳозир тушаману, бир кило қизил олма сотиб оламан, - деди ўзига ўзи. Бироқ йигитнинг қўлидаги олма унга ҳозир жонидан ҳам ширин туюлаётганди. -Ҳа, синглим олма егингиз келдими?- Сурайё чўчиб савол берган аёлга қаради. Уятдан юзлари анордек қизарди. -Йўқ- деди секин. Уялиб кетди. Қаниер ёрилса-ю, кириб кетса. Олма эса ҳамон йигитнинг қўлида айланарди. “Балки онасига, балки севган қизига олиб бораётгандир. Нима бўлди-я менга? Ҳеч бунақа одатим йўқ эди. Суқатой бўлмай кетай. Шу олма ўлгурни қаердан кўрдим. Нима бўлса бўлди, сўрайман, -деди у. Яна тилини тишлади. “Йўқ ” деса-чи? Олма олиб берадиганингиз йўқми, нега шу олмага ёпишиб олдингиз деб жеркимасмикан? Нега шу олмага ёпишиб олдингиз десачи? Сурайё аламидан йиғлаб юборди. Кўз ёшларини ҳеч ким кўрмаслиги учун бошини эгиб олди... Вужудидаги жон яна безовта типирчилади. Сурайё оғини судраб босганча уйи ёнидаги бозорчага кирди. Катта-катта энг сара алвонранг олмадан бир кило олди. Бироқ уйга киргач, уларга қарагиси ҳам келмаётганини сезди. Кўз олдидан йигитнинг қўлида айланаётган олма кетмасди. Шу пайт ўзининг ҳам боши гир-гир айланаётганини ҳис қилди. Бир алпозда ўтирган Сурайё қўнғироқ овозидан чўчиб тушди. - Ким у? – деди эшикнинг ёнига бориб. “Очинг келинойи” деган товушни эшитгач, дарров илгакни туширди. Қўлидаги қизил олмани унга узатиб турган йигитчани кўрди-ю, ҳам уятдан, ҳам қувончдан қизариб кетди. Бурни устида билинар-билинмас тер томчилари пайдо бўлди. - Бу сизга жудаям егингиз келди. Ҳозир бу олма ҳеч кимни сизчалик хурсанд қилмайди. Ош бўлсин! – деди-ю, олмани Сурайёга тутқазиб кетди. Сурайё нима қилишини билмас, шу аҳволини ўзини койир, аммо қизил, ёқут олмани маҳкам бағрига босиб олганди...
Саида Ибодинова