Биласизми?

Қон гуруҳингиздан келиб чиқиб, таом танлашни билмайсизми?

Илмий кузатув ва хулосалар инсон ўзининг қон гуруҳидан келиб чиқиб, таомномасига керакли маҳсулот ва таомларни киритиши зарурлигини кўрсатмоқда. Бу нафақат келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олади, шу билан бирга ортиқча вазннинг йўқолиши, тана учун керак бўлган вазнга эга бўлишимиз учун ҳам айни муддао.

Буни илмий ёки тиббий асосда изоҳлайдиган бўлсак, гап шундаки, озиқ-овқатларнинг кимёвий таркиби қондаги моддалар билан реакцияга киришади. Маҳсулотлар таркибидаги оқсилнинг бир тури бўлган лектин моддаси бунда муҳим роль ўйнайди. Агар маҳсулот таркиби қон таркибига номувофиқ келса, инсон танасидаги иммунитет тизимини кучсизлантиришга уринувчи генлар оқсилга қарши курашади. Оқибати озуқанинг яхши ҳазм бўлмаслиги, витаминларнинг қонга сўрилмаслиги ҳамда вазннинг ортиб кетишига олиб келади.

Мисол учун, нотўғри маҳсулотларни танлаш танадаги вазнни назорат қилувчи, оқсил моддаси томонидан ишлаб чиқарилувчи лептин оқсилининг 95 фоизини танадан чиқариб юборилишига сабаб бўлади. Лептиннинг бор-йўғи 5 фоизи қон таркибида қолади ва ортиқча ёғларга қарши курашади. Шундай экан, қуйидаги маслаҳатга амал қилиш саломатлигингиз учун хизмат қилиши мумкин.

“О” туридаги қон гуруҳи

Бундай гуруҳга мансуб қон эгалари учун кўпроқ оқсил керак бўлади ва уларнинг гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Аммо оқсилга жуда бой бўлган ловия, фасоль каби дуккаклилардан тийилиш лозим. Улар мева ҳамда сабзавотларни хуш кўриб ейишлари мумкин. Бу турдаги қон гуруҳига эга бўлганлар ортиқча вазнларига қарши курашаётган бўлишса, ловия, ясмиқ дони, маккажўхори, буғдой ўсимлиги донларини ҳамда броколли ва карам сингари крестогуллилар оиласига мансуб сабзавотларни камроқ ейишлари керка.

 

 “А” туридаги қон гуруҳи

Бу турдаги қон эгалари таомномларига сабзавотли овқат ва салатларни қўрқмасдан киритишса бўлади. Мевалар ҳам улар учун жуда фойдали. Бу қон гуруҳи жуда бағрикенг, яъни у инжиқ эмас. “А” туридаги қон эгалари саломатлик учун хавфли бўлмаган барча озуқа маҳсулотларини истеъмол қилишлари мумкин. Агар улар яна ҳам келишган ва ихчам бўлишни истасалар, ловия, буғдой ҳамда гўшт маҳсулотларини камроқ истеъмол қилганлари маъқул.

 

“Б” туридаги қон гуруҳи

Бу қон гуруҳи ҳам барча турдаги табиий озиқ-овқат маҳсулотлари билан чиқиша олади. Агар меъёрни унутиб қўймасак, албатта. Бу турдаги қон таркиби гўшт, сут маҳсулотлари, тухум, мева, сабзавотлар, дон-дунларни яхши қабул қилади. Аммо товуқ гўштини кўп истеъмол қилишдан тийилинг. Агар ортиқча вазндан азият чекаётган бўлсангиз, нўхат, жўхори, буғдой маҳсулотларини онда-сонда истеъмол қилинг.

 

“АБ” туридаги қон гуруҳи

Бу қон тури ҳам кўпчилик маҳсулотлар таркибидаги дармондориларни қийналмасдан қарши олади. Айниқса, бу қон гуруҳи мавжуд ва озишни истаган кишилар учун мевалар жуда фойдали. Шунингдек, таомномага сут маҳсулотларини ҳам кўпроқ қўшиш керак. Аммо гўшт, маккажўхори ва ловия меъёридаги вазнга эга бўлишни истайдиган кишиларга тавсия қилинмайди.

Баъзида ўзимиз яхши кўрадиган овқатларни кўпроқ еб қўйишдан қўрқамиз. Бизга ёқса ҳам, танамизга бу ёқмайди ва бизни азоблашидан чўчиймиз. Бунинг асосий сабаби эса, эҳтимол юқоридаги илмий қараш билан боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, ҳар таомнинг меъёри бўлгани яхши.

Доимо соғ-саломат бўлинг!