Қуруқ мевалар жуда фойдали озиқ-овқатлар ҳисобланади. Лекин аслида бу тўғрими?
Яширин хавф
Саноат миқёсида чиройли, зараркунандалар емаган меваларни етиштиришнинг ҳеч иложи йўқ. Лекин дўкон пештахталарини ёрқин рангдаги тўқ сариқ баргаклар, қаҳрабо рангли майизлар ва қалин этли олхўри қоқилар безаб турибди.
Бу гўзаллик ва бенуқсонликларнинг ҳаммаси — қуруқ меваларда одам саломатлиги учун хавфли бўлган кўп миқдорда консервантлар борлигининг аниқ белгилари ҳисобланади. Кимёвий воситаларсиз етиштирилган ҳақиқий қуруқ меваларнинг кўриниши жуда оддий ва кўримсиздир. Уларнинг ранги унчалик ёрқин ҳам эмас ва пўстининг баъзи жойларида зараркунандаларнинг излари ҳам кўриниб туради.
Сульфат диоксиди SO2
Баргакларга чиройли кўриниш бериш учун ўрикларга сульфат диоксиди SO2 ёрдамида ишлов берилади. Бу озиқ-овқат саноатида E220 косерванти сифатида белгиланган заҳарли газдир. Сульфат диоксиди микроорганизмларни йўқотади ва қуруқ меваларнинг кўриниши учун жавоб беради. Улар билан ишлов берилган баргаклар тўқ сариқ рангда ва жуда чиройли, қорамтир нуқталарсиз, лекин пўсти юзасида билинар-билинмас юпқа парда қопланган бўлади.
E220 консерванти — жуда хавфли қўшимча бўлиб, у аллергия, астма касалларидаги бўғилиш, бош оғриғи, диарея ва ҳазм қилиш аъзоларининг бошқа муаммоларини келтириб чиқаради. Сульфат диоксиди организмдаги углевод алмашишини бошқарадиган ва мия, юрак ва қон ишлаб чиқариш тизимининг нормал ишлаши учун зарур бўлган B1 витаминини емиради.
Каустик сода NаОH
Қуруқ меваларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган яна бир хавфли модда — каустик сода NaOH. Олхўри қоқи ва майизларни ишлаб чиқаришда бу модда ёрдамида олхўри мевалари ва узумларга ишлов берилади. Каустик сода — биодизел ёқилғиси ва ювиш воситалари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ўювчи ишқор. Озиқ-овқат саноати мутахассислари айёрлик билан уни қуруқ мевалар ишлаб чиқаришда ҳам қўллашмоқда.
Бўёқлар
Бундан ташқари, баъзи қуруқ меваларни озиқ-овқат бўёқлари билан бўяшади ҳам. Буларга оддий шароитда қуригандан кейин қорайиб қолувчи оқ узум ва ўриклар киради.
Агар пештахталарда кўриниши ҳаддан ташқари ажойиб бўлган қуруқ мевалар жойлашган бўлса, уларнинг таркибида бир талай жуда ёқимсиз кимёвий моддалар бўлиши аниқ.
Манба: Daryo.uz