Қиш кунларида юз териси қуруқлашиши кўпчиликни ташвишга қўяди. Аслида эса тўғри парваришланса, қуруқ юз териси муаммо эмас! Қуйида уй шароитида фойдаланиш мумкин бўлган усуллар билан таништирамиз.
Крем танлаймиз!
Совуқ кунларда терининг гидролепид қатлами озиқлантирилиши керак. Негаки, қуруқлашишга мойил юз терисида ёғ безлари сустроқ ишлайди. Бунда сизга таркибида вазелин, липид ва ўсимлик мойи бор кремлар кўмак беради. Крем уйқуга ётишдан олдин, юзга суртилиб, тери енгил уқаланади.
Кокос мойи
Юз терисини юмшатишда кокос мойига тенг келадигани йўқ. Ёғни бармоқ учида терига текис суртилади ва эрталабгача қолдирилади.
Қуруқ тери парваришида зайтун ёғи ҳам айни муддао. Ушбу мой нафақат озиқлантириш, балки ажинларнинг олдини олиш хусусиятига ҳам эга.
Мойчечакли компресс
Пардоз тозалангач, икки қават докани мойчечакли дамламада ҳўллаб, юз терисига 10-15 дақиқали компресс қилинг. Дамлама тери юзасида ҳосил бўлган майда бурмаларни осон кўчириб туширади. Шу билан бирга терини юмшатади ҳам. Компресс кучли тери қуришида – ҳафтасига 2 марта, енгил шаклида эса бир марта қўлланса, кифоядир.
Тўғри овқатланинг!
Ташқи парвариш усуллари натижа беришини истасангиз,муаммони, аввало, ичкаридан ҳал этинг. Таомномада – А ва Е витаминларига бой маҳсулотлар – барча турдаги ёнғоқ, ўсимлик ёғи, жигар, дуккакли ўсимликлар, балиқ гўшти бўлиши лозим.
Манба: Darakchi.uz