Одамлар ҳомиладорликни юз йил олдин ҳам, беш юз йил олдин ҳам назорат қилишга интилган, аммо бунинг усуллари ишончсиз бўлган ва бу борада кенг танлов ҳам мавжуд бўлмаган. Ҳозирда эса ҳомиладорликдан сақланишнинг кўплаб йўллари бор. Мақолада уларнинг баъзилари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Орал контрацептивлар
Улар икки хил кўринишда бўлади — иккита гормондан иборат комбинацияланган ёки, масалан, эмизикли аёлларга мос тушадиган мини-пили. Ҳапдорилар эҳтиёткорликни талаб этади — уларни ҳар куни соат бўйича ичиш керак, дори қабул қилишни бир марта ўтказиб юборсангиз, ҳомиладор бўлиб қолиш эҳтимоли юзага келади. Аммо бу контрацепсияда ўйлаб топилган энг самарали усулдир: агар ҳапдориларни тўғри қабул қилсангиз, улар 99 фоизга ҳимоя қилади. Баъзан бир йўла даволайди ҳам.
Гормонал уколлар ва имплантантлар
Гормонал уколлар ҳар уч ойда бир марта қилинади, силикон капсулалар эса билак териси остига кўпи билан беш йилга киритилади — таъсир қилиш тамойили ҳапдориларники билан деярли бир хил. Агар кўнгил айниши ва бош оғриғи каби ножўя таъсирлари безовта қилса, имплантантларни олиб ташлаш мумкин, уколга келсак, унинг таъсири йўқолмагунча кутишга тўғри келади.
Бачадон ичига қўйиладиган спираль
Бачадонга киритилади ва у ерда олти йилгача қолиши мумкин. Бундай спираль фақат туққан аёлларга қўйилади ва улар эҳтимолий муаммолар ҳақида огоҳлантирилади, булар шамоллашдан тортиб бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликкачадир.
Пластирь
Бу ҳам гормонал восита, аммо ташқи томондан қўлланилади — шунчаки терига (думба ёки қорин пастига) ёпиштирилади. Бу контрацептивлар ичида энг янгисидир.
Қалпоқча ва диафрагмалар
Бу тўсиқли контрацепция — сперма шунчаки бачадонга тушмайди. Албатта бунда “тўсиқ”ни қинга тўғри жойлай билиш керак, бу эса маҳорат талаб қилади.
Крем, шамча ва таблеткалар
Кимёвий контрацептивлар маҳаллий қўлланилади — қинга тушиб, улар сперматозоидларни парчалайди. Икки соат давомида таъсир қилади ва такрор фойдаланишни талаб қилади. Совунга чидамсиз.
Стерилизация (бичиш)
Энг радикал вариант: аёлларда бачадон найчалари, эркакларда сперма йўли танғиб ёки кесиб ташланади. Стерилизация потенция ёки жинсий майлга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Ушбу усул бола туғиш мавзусини бутунлай ёпишга қарор қилганлар учундир — тахминан 3—4 фарзанди бўлган эр-хотинлар орасида бу усул жуда оммабоп.
Мутахассислар таъкидлашича, ўз соғлиғингизга жиддий муносабатда бўлсангиз, у ҳолда презерватив — ҳеч қандай хавотирларсиз тайинланиши мумкин бўлган ягона контрацептивдир. Сақланишнинг қолган усулларини шифокор билан муҳокама қилган маъқул, чунки уларнинг ҳар бирида салбий жиҳатлар мавжуд. Энг кўп салбий таъсир орал контрацептивлардадир: уларни, масалан, қоннинг қуюлиши бузилганда, қандли диабетда, жигар касалликларида, томирлар билан боғлиқ муаммоларда қабул қилиш мумкин эмас. Ҳапдорилар тури кўп, аммо улар универсал эмас — маълум бир аёлга қандай дори тўғри келиши амалда текшириб кўрилади. Ҳапдорилар орқали узоқ вақт сақланиш мумкин эмас, деган гап нотўғри, бироқ уни аллақачон ичаётганлар барибир гинеколог ҳузурига камида ярим йилда бир марта бориб туриши керак.
Кремлар ва қинга киритиладиган таблеткалар ҳомиладорларга ва жинсий аъзолари шамоллаганларга мумкин эмас. Кимёвий контрацептивлар нафақат бегона, балки табиий микрофлорани ҳам ўлдириши мумкин — улар инфекция қаерда-ю, “ўз” бактериялари қаердалигини ажрата олмайди. Шунингдек, уларни ва тўсиқли воситаларни (қалпоқчалар ва диафрагмалар) презерватив билан бирга қўллаган маъқул — спермицидларнинг ўзи сиз истагандек ишончли тарзда сақлай олмайди.
Бачадон ичига киритиладиган спираль, гормонал имплантантлар ва инъекцияларни фақат шифокоргина киритиши мумкин. Бу усуллар ёши каттароқ аёллар учун бўлиб, ёш ва туғмаганларга тўғри келмайди.
Мақолани тайёрлашда Kid.ru сайти маълумотларидан фойдаланилди.