Баҳорнинг гашти ўзгача. Бироқ офтобнинг ёрқин нурлари кўпчилик қизларимизни бироз чўчитади. Ахир бу нурлар таъсирида сепкиллар пайдо бўлади-да. Ёки борларининг ранги тўқлашади. Шундай ажойиб фаслни пана-панада бекиниб ўтказиш увол! Ундан баҳраманд бўлиб қолиш керак эмасми? Муаммонгиз ҳақида эса ўйламанг. Сиз учун биз ҳаммасини режалаштириб қўйганмиз! Тажрибали косметолог Маҳбуба МАМАНОВА бу борадаги энг муҳим 5 қадам ҳақида маълумот беради. Сиздан эса ҳафсалаю, ҳаракат бўлса бас.
1-қадам. Албатта, ниқоблардан фойдаланинг
Баъзилар эринчоқликларини уй шароитида қилинадиган ниқобларнинг самарасизлиги билан изоҳлашга уринишади. Бизнингча эса бу танбалликни оқлашнинг бир усули, холос. Ахир мунтазам ва тартибли бажарилган ҳар қандай муолажа, албатта, таъсир қилади. Ҳаммамиз билган, ўша арзон ва самарали петрушка сепкилларнининг чинакам кушандаси ҳисобланади. Унинг таркибидаги хловоноид моддалар сепкил пайдо бўлишини секинлаштиради. Демак, ҳафтада уч марта петрушкадан ниқоб тайёрланг. Шунингдек бодринг, тут, лимон шарбатидан тайёрланган ниқоблар ҳам ўта самарали.
2-қадам. Оқартирувчи кремлар
Аслида, сепкиллар терида мелонин моддасининг йиғилиб қолишидан вужудга келади. Мелониннинг пайдо бўлиши эса ферментлар билан кечувчи кимёвий жараён ҳисобланади. Мана шу ферментларни реакцияга кириштирмайдиган самарали кремлар таркибида аскорбин кислотаси, азеалин кислотаси, хенол, арбутин, гидрохенон (1/4 миқдорда) моддаларидан бири бўлиши лозим. Бу моддалар узоқ қўлланилганда терига зиён етказгани учун 2-3 ой давомида фойдаланиш тавсия этилади. Шунингдек, таркибида А витамини мавжуд кремлар ҳам фойдали.
3-қадам. Қизилмия дамламасидан ичинг
Олимларнинг кузатувларига кўра терозин номли аминокислота мелонин моддаси ишлаб чиқарилишига хизмат қилади. Дорихонадан топиш мумкин бўлган қизилмия ўсимлиги таркибида эса терозин ишлаб чиқарилишини тўхтатувчи моддалар мавжуд. Шунинг учун ҳам доғ ва сепкиллардан азият чекаётган хонимларга қизилмия дамламасидан ичиш тавсия этилмоқда. Бундан ташқари никотин кислотаси ва С витамини ҳам терини ультрабинафша нурларидан ҳимоялайди. Фақат ушбу дармондориларни ўзбилармонлик билан эмас, шифокор тавсиясига кўра истеъмол қилиш лозим. Агар қарши кўрсатмалар бўлса, уларнинг суюқ кўринишдагисини ниқоблар ёки кремларга қўшиб ишлатсангиз ҳам бўлади.
4-қадам. Қуёш нурларидан ҳимояланинг
Нозик теримизни қуёш нурларидан ҳимоя қилиш учун махсус SPF ёзувли кремлар яхши самара беради. Юқоридаги муаммодан азият чекаётган аёллар бундай воситаларнинг 45 ёки 50 ҳимоя факторли турларига ихтиёр берганлари афзал. Ташқарига чиқишдан 15 дақиқа аввал юзингизга SPF 50 кремларидан суртиб олсангиз, сепкиллар сизни четлаб ўтади.
5-қадам. Салонлардаги муолажалар
Агар узоқ йиллардан буён сепкиллар билан курашиб кўзга ташлангулик натижага эришолмаган бўлсангиз, косметологик салонларда ўтказиладиган муолажаларни қўллаб кўришни тавсия этамиз. Булардан биринчиси ўзингиз билган пилинг. Унинг ҳам ретинолли, аскорбин кислотаси ёрдамида бажариладиган турлари самарали ҳисобланади. Аппаратли усулларидан эса фототерапия усули яхши натижа беради. Бунда махсус нурлар теридаги доғнинг устигагина юборлиб, қиздирилади. Оқибатда у парчаланиб, таҳминан бир ҳафталардан кейин сепкиллар йўқола бошлайди. Бироқ ҳар бир усул алоҳида танланиши лозим. Чунки нотўғри қўлланилган муолажа ҳам терини куйдириб, доғлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
МАФТУНА тайёрлади
Манба: Darakchi.uz