Саломатлик

Шамоллаш касалликларининг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Совуқ об-ҳавода, ҳатто сиз иссиқ кийинган бўлсангиз ҳам, барибир оёқларингиз совқотади, бу эса шамоллашга сабаб бўлади.

Бу ҳолатнинг олдини олиш учун ишончли халқона воситалар бор. Улардан бири – оёқлар учун иссиқ ванналар.

Шундай иситувчи ванналар қилишнинг бир неча усулларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

  • ханталли: чуқурроқ тоғорага ҳарорати 40—42°C бўлган бир челак иссиқ сув солинг, унга 1-2 ош қошиқ қуруқ хантал сепинг ва яхшилаб аралаштиринг; ўзингиз учун қулай бўлган ҳолатда ўтиринг, оёқларингизни сувга туширинг; сувнинг ҳарорати пасайиши билан унга яна иссиқ сув қўшинг;
  • тузли: ҳаммаси юқоридагидек амалга оширилади, фақат сувнинг ҳарорати 37—38°C га яқин бўлади, унга 1 ош қошиқ ош тузи ёки денгиз тузи солинади; охирида оёқларни илиқ сувда ювинг, яхшилаб артинг ва жун пайпоқ кийиб ухлашга ётинг;
  • ўтли: бир хил миқдорда мойчечак гули, шалфей, қалампирмунчоқ ва қичитқи ўтлар аралашмасидан 4—5 ош қошиқ олиб 1 литр қайноқ сувга солинг ва паст оловда 20—30 дақиқа қайнатинг; қайнатмани сузиб олинг ва ҳарорати 37—39°C бўлиши учун илиқ сув билан аралаштиринг.
  • Совқотган оёқларни иситишнинг яна бир усули – оёқ кафтларини массаж қилиш. Нилуфар гули ҳолатида ўтиринг, оёғингиз кафтини ўзингиз томонга тортинг ва уни ҳар хил усуллар: бармоқлар билан, кафтингиз чеккаси билан силаб ва ишқалаб массаж қилинг. Кейин иккинчи оёғингиз кафтини ҳам худди шу усулда массаж қилинг.

Оёқларнинг ўрнига қиздирувчи ваннани қўллар учун ҳам қилиш мумкин – бу қоннинг оёқлар томон беихтиёр равишда оқишини келтириб чиқаради ва совқотган оёқларни иситади.

Қўл ва оёқларни иситиш учун сизга 20 дақиқа вақт ва иссиқ сув оқадиган кран керак бўлади. Қўлларингизни тирсаккача сув тагига қўйиб туринг. Бошида у илиқроқ бўлиши керак, кейин эса 10 дақиқа давомида сув ҳароратини 42—43°C гача оширинг ва яна 5—7 дақиқа қўлларингизни бу сув тагида тутиб туринг.

Манба: Daryo.uz