Саломатлик

Шамоллашни эфир ёғлари ёрдамида даволаш йўллари

Йилнинг совуқ мавсуми ўзи билан олиб келувчи турли шамоллаш хасталикларини нафақат дори воситалари, балки табиий воситалар, масалан, эфир ёғлари ёрдамида даволаш ҳам мумкин. Улар бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга эканлиги, шунингдек, иммун тизими фаолиятини фаоллаштириши туфайли шамоллашни жуда тез бартараф этади.

Шамоллашга қарши энг самарали эфир ёғлари эвкалипт, лаванда ва чой дарахти ёғлари бўлиб, дорихонадан айнан уларни харид қилишни тавсия этамиз.

Шамоллашдан халос бўлишга кўмак берувчи энг кучли воситалардан бири эфир ёғлари билан ингаляция қилишдир.

Ингаляция қилиш учун чойнакни қайнатиб, унга танлаган ёғдан 3—4 томчи қўшинг. Қалин қоғоздан найча ясаб, уни чойнак бурнига кийгизинг ва иссиқ ҳавони найча орқали бурун ёки оғзингиз билан ютинг. Жуда иссиқ ҳавога куйиб қолмаслик учун буғни эҳтиёткорлик билан ютиш лозим. Ингаляциядан сўнг дарҳол иссиқ тўшакда ўраниб ётиш тавсия этилади.

Чойнак ўрнини қадимий усул ҳам боса олади. Иссиқ сувни кастрюлька ёки тарелкага қуйиб, керакли ёғдан томизинг ва бошингизни сочиқ билан ўраб, юзингизни буғга тутинг.

Шамоллашга қарши воситалардан яна бири баданни ёғ билан ишқалашдир. Бунинг учун нафақат эфир ёғи балки бошқа, асос ёғ ҳам керак бўлади. Исталган ўсимлик ёғидан фойдаланиш мумкин. Бироқ зайтун ёғи кўпроқ фойдали хусусиятларга эга ҳисобланади.

Бир ош қошиқ асос ёғга ўн томчи эфир ёғи қўшиб, ҳосил бўлган аралашмани баданга суринг. Бу жараённи ингаляциядан аввал ёки мустақил жараён сифатида ухлашдан аввал ўтказиш тавсия этилади.

Эфир ёғлар билан даволаш юз йиллардан бери қўлланиб келинади ва антибиотиклардан фарқли равишда зарарли оқибатларни келтириб чиқармайди.

Манба: Daryo.uz