Саломатлик

Сўгалдан қандай қутулиш мумкин?

Қадимдан катталар болаларга “Бақага яқинлашма, сўгал юқади” ёки “Уй ҳайвонларига сув сепма, сўгал чиқади”, дейишарди. Шу сабабли ҳам кимнингдир қўлида ёки баданида сўгални кўрганимизда “Бақани ушлаган бўлса керак ёки ит ва мушукка сув сепгандир”, деган фикрга бориларди. Юқоридаги гаплар қадимгилардан қолган огоҳлантириш бўлсада, фан бу фикрни тасдиқламайди. Буни қарангки, фанда инсон танасидаги сўгалга бақанинг умуман алоқаси йўқ экани айтилади.

Бу вирус Аслида сўгални вирус пайдо қилади. У вирус сифатида одамдан одамга юқади. Унинг вируси танадаги кўзга кўринмас жароҳатларга тушиб қўл бериб кўришиш, битта идишдан овқатланиш, сув ичиш, сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида юқади.

Сўгалнинг пайдо бўлиши ҳақидаги тахминлар Аслида унинг пайдо бўлиши, умуман юқиши борасида дунё олимларининг турли тахминлари мавжуд. Вирус кучсизланган организмга юқади, бу табиий. Шу қоидадан келиб чиққан ҳолда олимларнинг кўпчилиги сўгал вируси иммун тизими сусайиб кетган инсонларда кўпроқ учрайди деган фикрни айтишади. Бошқалар эса доимий равишда сув билан ишлайдиганлар, айниқса, ташқи муҳитда, табиатдаги сув билан кўп алоқа қиладиган инсонларда сўгал чиқиши ҳолатлари учрайди дейишади. Олимлар ичида сўгал чанг ва санитария гигиенага амал қилинмайдиган жойларда яшайдиган инсонлар орасида кўпроқ пайдо бўлади, деган фикрни илгари сурадиганлар ҳам талайгина.

Сўгал чиққан инсонлар нега уялишади? Сўгал чиқиши сабаблари жуда ҳам кўп. Кўпчилик қўлига, оёғига, кафтига чиққан сўгаллардан уялади. Чунки сўгал чиққан тана қисмлари ҳақиқатдан ҳам бироз кўнгилсиз кўринади. Бироқ бу ушбу вирусдан азият чекувчи инсоннинг бирор айби борлигини билдирмайди! Сўгал ҳар кимга, ўзига номаълум сабаблар туфайли чиқиши мумкин, шундай эмасми? Шу сабабли ҳам кўча-кўйда, яқинлар ва дўстларимиз орасида ана шундай вирусдан азият чекаётган инсонларни кўрганингизда юзингизни бурманг.

Сувни яхши кўради Тиббиётда турли тошмаларнинг сувни хуш кўриши ва сув теккан танада авж олиб кўпайиб кетиши билан боғлиқ маълумотлар бор. Сўгал ҳам ана шундай тошмалар синфига киради. У сувни яхши кўради ва тананинг кўп сув тегадиган қисмларида, асосан қўл ва оёқ соҳасида кўп тошади. Фанда сўгалнинг юқумли экани айтилади, бироқ унинг келиб чиқиш сабаблари, самарали даволаш борасида ҳануз аниқ даво чораси топилмаган.

Сўгал 3 турга бўлинади Фанда сўгалнинг 3 тури бор. Улар оддий, ясси ва учли. Ҳар бир сўгални даволашнинг ўз усули бор.

Ясси сўгал Ясси сўгал кулранг-сарғимтир рангда бўлиб, тезда дағаллашиб кетади. Қўл, оёқ, бармоқлар ораси, тирноқлар четида пайдо бўлади. Юзда ҳам юзага келиши мумкин. Бунга ўзгаларнинг косметик воситалари (атир-упа, лаб бўёғи ёки қалам)дан фойдаланиш сабаб бўлади. Энг оғир кўриниши оёқ кафтида ҳосил бўлади. У юришга ҳалал бериб, оғрийди. Оёқда аввалига қадоқ пайдо бўлиб, бора-бора сўгалга айланиб кетиши мумкин.

Қиррали сўгал Ўткир қиррали тури эса ёрқин пушти рангда бўлиб, чов қатларида пайдо бўлади. Бундай сўгал турида зудлик билан шифокор-дерматологга мурожаат қилиб, даволаш лозим.

Сўгални олдириш мумкинми? Сўгал аксарият ҳолларда болалар ва ўсмирлар орасида кўп учрайди. Аммо фанда бунинг сабаби аниқланмаган. У асосан боланинг қўли ёки юзида пайдо бўлиб, оч сариқ рангда, теридан дўппайиб чиққан бўлади ва кичик ўсимтага ўхшайди. Уни даволатмаган тақдирда “она сўгал” атрофида “болачалари” пайдо бўла бошлайди. Шифокор “она сўгал”ни топиб, олиб ташласа, “болачалари” ҳам 2‑3 кунда йўқолиб кетади. Бу ҳам касалликнинг сирли томонларидан бири ҳисобланади.

Сўгалга тегаверманг! Сўгалга тегавериш натижасида ҳам у кўпайиб кетади. Момолар уни турли эскича услубда (ип боғлаш, дуо ўқилган кесакни сўгалга суртиш каби) “даволашади”. Бу баъзида ёрдам берса, баъзида сўгаллар янада кўпайиб кетишига олиб келади.

Қандай даволанади? Халқда сўгалга тегмаслик керак, деган фикр мавжуд. Бунинг замирида бироз бўлса-да ҳақиқат бор. Чунки сўгалларни мустақил равишда даволаш бола саломатлигига хавф туғдириши мумкин. Кўринишидан оддий кўринган ясси сўгаллар хавфли хасталик –  пигментсиз меланома (тери саратони касаллиги)га ўхшайди. Шунинг учун уни даволашдан олдин, албатта, мутахассис шифокорга кўрсатиш даркор. Муолажани эса ўзбошимчалик билан эмас, махсус даволаш марказларида, дерматокосметолог назорати остида амалга ошириш керак.

Олиб ташлаш учун… Сўгал асосан уч хил услубда олиб ташланади: электрокоагуляция, криотерапия, лазер ёрдамида.

Электрокоагуляция. Қалин қаламни эслатувчи асбоб ёрдамида сўгал электр токи таъсирига тутилади. Муолажа оғриқсиз ва самарали бўлади.

Криотерапия. Сўгал суюқ азот билан “куйдирилади”. Ўрнида пуфак пайдо бўлиб, сўгал йўқолади.

Лазер ёрдамида сўгал 1-2 дақиққада олиб ташланади. Оғриқсиз ва самарали бўлади.

Эҳтиёт бўлинг! Баъзи ҳолларда сўгални анжир суви, қончўп (чистотел), саримсоқ пиёз шарбати ёрдамида йўқотишга ҳаракат қилишади. Бу муолажалар терида доғ ёки аллергия ҳосил бўлишига олиб келади.

Олдини олиш учун... Сўгалнинг олдини олиш учун иммунитетни кўтариб, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, шикастланган терини муолажа қилиш лозим. Оёқ кафтида сўгал пайдо бўлишининг олдини олиш учун эса бировнинг пойабзалини кийманг. Оёқ кийимингиз тор ҳам бўлмасин. Шунингдек, ўзгаларнинг косметик воситаларидан ҳам фойдаланманг. Табиат қўйнидаги сув ҳавзаларига қўл уришингизга тўғри келса, қўлингизни кир совун ёрдамида ювишни унутманг!

Диққат! Сўгални мустақил равишда турли кислоталар ёрдамида олиб ташлашга ҳаракат қилманг! Бу тери куйишига олиб келади. Унутманг, саломатлигингиз ўз қўлингизда!

Манба: Sof.uz