Саломатлик

Табиий йўллар билан иммунитетни ошириш мумкинми?

Иммунитет организмнинг касал юқтирмаслиги ва касалликларга қарши курашиш қобилиятидир. Иммунитетни кўтариш эса саломатликни мустаҳкамлашнинг бир усули ҳисобланади. Хўш, иммунитетни табиий йўллар билан кўтариш мумкинми?

Ҳар куни бир вақтда ухлашга ётинг

Соат нечида эканлигидан қатъи назар ҳар куни бир хил вақтда ухлашга ўрганиш лозим, бу тез уйқуга кетиб, тўлиқ дам олиш имконини беради.

Агар ухлашга эртароқ ёки кечроқ ётсангиз, организм ритмлар ўзгаришига мослаша олмайди, натижада уйқу юзаки бўлади. Суткада камида 8 соатни уйқуга бағишлаш лозим, зеро организм қайта тикланиши учун айнан шунча вақт зарур.

Кунни бир пиёла чой билан бошланг

Япон олимлари тадқиқотлари шуни кўрсатдики, кўк ёки қора чойда мавжуд моддалар шамоллаш вируси билан самарали курашишга қодир экан. Кунига 2—3 пиёла чой етарли.

Шамоллашнинг илк белгилари пайдо бўлиши билан чора кўринг

Бунда халқ табобатидан фойдаланиш мумкин. Майдаланган майиз ва ёнғоққа асал ҳамда лимон шарбати қўшиб, аралаштиринг. Ушбу аралашмани шамоллашнинг илк аломатларини сеза бошлашингиз билан кунига уч марта 1 ош қошиқдан истеъмол қилинг.

Бундан ташқари, наъматак қайнатмасига асал қўшиб, ичиб туриш ҳам шамоллаган вақтда катта самара беради.

Етарлича сув ичинг

Организмнинг катта қисми сувдан иборат бўлганлиги туфайли, у ҳар куни маълум миқдордаги сувга эҳтиёж сезади. Олимлар ушбу меъёрни 8 стакан деб белгилаган. Сувсизланиш натижасида организмнинг асосий функциялари, жумладан инфекцияларга қарши курашиш қобилияти сусаяди.

Тозаликка риоя қилинг

Кун давомида ифлос юзалар ва буюмларга кўп қўл теккизамиз, худди шу қўллар билан бурун ва кўзларимизни ишқалаймиз. Натижада микроблар бурун ва кўз шиллиқ пардалари орқали организмга киради. Бунга йўл қўймаслик учун эса қўлларни тез-тез ювиб туриш зарур.

Манба: Daryo.uz