Беҳи мевасининг шифобахшлиги қадим-қадимдан маълум. Унда жуда кўп пектин бирикмалари, фруктоза, глюкоза, калий тузлари, темир, кальций, фосфор ва мис бор. Айни куз пайтида пишиб етиладиган беҳининг бошқа фойдали хусусиятлари ҳақида маълумот берамиз.
Беҳининг фойдали хусусиятлари
- Беҳи мевасидан дамлама тайёрлаб ичиш камқонлиликда тавсия этилади. Уни тайёрлаш учун беҳи кичик бўлакларга бўлинади, идишга солиниб, устидан сув қуйиб юмшагунича қайнатилади, сиқиб олинган шарбатини дамлама шаклига келиб, қуюқлашгунча қайнатилади.
- Беҳининг янги узилган меваси таркибида темир моддаси кўплигидан темир моддаси етишмаслигидан бўладиган камқонлиликнинг олдини олиш ҳамда уни даволашда, узоқ давом этган касалликлар, тана ҳарорати баландлигидан қийналганда истеъмол қилинади.
- Қадим-қадимдан таркиби пектин моддасига бой беҳи меваси ич кетиш билан боғлиқ ичак касалликларини даволашда истеъмол қилинишига сабаб бўлган.
- Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ошқозон-меъда фаолияти бузилганида, унинг меваси шарбатини асал ва сирка қўшиб “ошқозонни қувватлантириш” ва “заиф жигар”ни даволаш мақсадида истеъмол қилишни тавсия этган. Шунингдек, беҳи юз терисини тиниқлаштирувчи яхши восита эканини таъкидлаган. Беҳи уруғини майдалаш мумкин эмас, чунки у майдаланганида амигдалин деб аталадиган зарарли модда ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Бу модда беҳига аччиқ данак мазасини бериб туради.
БЕҲИДАН ФОЙДАЛИ ДАМЛАМАЛАР
- Қадимги табиблар бепуштликда беҳи шарбати билан даволашни тавсия этишган. Унга кўра, шарбат янги ой чиққанидан бошлаб йигирма кун давомида ҳар куни кечқурун бир ош қошиқдан ичилади.
- Беҳи барглари қайнатиб тиндирилган сув бронхиал астма хуружини енгиллатиш ва ҳатто тўхтатишга даво бўлади. Буни тайёрлаш учун беҳининг 5 г. барги устига бир литр қайноқ сув қуйилади, 15 дақиқа паст оловда қайнатилади,баргларни сиқиб олиб ташланади. 2 ош қошиқдан кунига овқатланишдан олдин 3-4 маҳал ичилади. Бу қайнатмани музлатгичда 3 кунгача сақлаш мумкин. Ундан кўп вақт ўтса, эскириб, таъсири қолмайди.
- Беҳининг уруғи ва баргларидан дамланган чой буйрак касалликларида пешоб ҳайдовчи воситадир. Беҳининг қуритилган баргларидан 1 ош қошиқ олинади, уруғидан ҳам шунча миқдор қўшилади, устидан 200 г. қайнаган сув қуйиб, паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади, тиндириб, докадан ўтказиб, таъбга кўра асал қўшилади. Кунига 3-4 маҳал 1 ош қошиқдан ичилади.
ЗАРАРЛИ ТОМОНИ ҲАМ БОРМИ?
- Беҳи ўзининг шифобахш хусусиятлари билан бир қаторда баъзи зарали хусусиятларга ҳам эга. Унинг меваси ва уруғи бириктирувчи ва мустаҳкамловчи фаоллиги билан ажралиб туради. Колит ва ошқозон яраси бор кишиларда беҳи ичак ва юмшоқ қобиқда тиқилма ва спазмани юзага келтириши мумкин.
- Шунингдек, плеврит ва қабзиятда беҳи истеъмол қилмаслик лозим бўлади. Меваси майда тук билан қоплангани сабабли, пўсти артилмасдан истеъмол қилинганда овоз пардаларига ва халқумга зарали бўлиб, кишини йўталтириб, томоқда кўнгилсизлик уйғотади. Шу сабабдан артилмаган янги беҳини нотиқлик билан боғлиқ касб эгаларига истеъмол қилишдан тийилиш тавсия этилади.
Манба: Darakchi.uz