Биласизми?

Танловингиз феълингиздан сўзлайди

Гоҳида феълимизга ўзимиз ҳам тушунмай қоламиз. Эътиборингизга тақдим этилаётган тест эса сизнинг ўзингизга хос томонингиз ҳақида сўзлайди. Шарти оддий — суратдаги креслоларга диққат билан қараб, фақат биттасини танланг ва унга берилган таърифни ўқинг.

Ишчан

1. Офисбоп креслони танлаганингизга қараганда, ишга муккасидан кетганлар тоифасидансиз. Албатта, меҳнаткашлик яхши сифат. Аммо ишга муносабатингиз соғломми ёки бор аламингизни шу йўл билан чиқараяпсизми? Айни пайтда зерикарли ва оғир иш билан шуғулланаётган бўлсангиз ҳам, ажабмас. Балким таътилга чиқиш, иш тартибига янгилик киритиш, умуман йўналишни ўзгартириш ҳақида ҳам ўйлаб кўрарсиз? Ўз фикрингизни айтишдан чўчимаслигингиз эътиборга молик. Фақат қаерда, қайси вазиятда — шунга диққат қилинг.

Хаёлпараст

2. Айни пайтда, очиқ айвонда, оромкурсида ўтирганча хаёл суришни истаяпсиз ҳойнаҳой. Аслида ҳам сиз кун давомида бир жойдан қимир этмасдан, ҳеч нима қилмасдан хаёллар уммонига шўнғишингиз мумкин. Романтик, ижодкор ва орзуманд инсонсиз. Сизнинг ўйларингиз, истакларингиз чегара билмайди. Гоҳида реал ҳаётни унутиб ҳам қўясиз. Мувозанатни топишингиз керак. Масалан, хаёлингизга келган фикрларни дафтарчага қайд қилишни бошланг. Шунда улар реал ҳаётга кўчиб, натижа кўрсата бошлайди. Оламшумул ғояларга муаллифлик қилсангиз, зўр-ку!

Руҳшунос

3. Тебранма ўриндиқни танлаганлар табиатан руҳшунос бўлишади. Улар қаршисидаги кишини жон қулоқлари билан саҳардан шомгача киприк қоқмасдан тинглашлари мумкин. Бошқаларнинг ҳаёти, ҳикоялари улар учун жуда қизиқ. Киришимли, савол беришни хуш кўрувчи, самимий, хотиржам ва албатта, тинглашни биладиган инсонсиз. Эшитганларингизни таҳлил қилиш қобилиятингиз эса таҳсинга лойиқ. Айнан шу сифатингиз туфайли сизга дардини ёрган кишини тушуна оласиз, уни айблашдан, мазах қилишдан йироқсиз.

Файласуф

4. Классик услубдаги креслога ихтиёр берганлар, узоқ ўйлайдиган кишилар саналади. Уларнинг қарашлари файласуфона. Дунёқарашлари шунчалик кенгки, ёлғизликда ҳам зерикиш нелигини билишмайди. Агар у-бу ким билан кимсасиз оролга тушиб қолсалар, уни ҳам зериктиришмайди. Қизиқарли инсонликлари, кузатувчанликлари, хотиралари ўткирлиги, сўзларни оқиллик билан танлаб нутқида ишлатишлари суҳбатдошларининг сафини кенгайтиради.

Ўқувчи

5. Сиз нега айнан оддийгина стулни танладингиз? Чунки доим ўрганишга шайсиз! Сабрли ва интилувчанлигингиз ҳам ҳар ишда қанот бўлгувчи хусусиятларингиздан. Янги билимларни эгаллаш, кашфиётлар қилиш табиатингизга хос. Миянгиз тўла ғиж-ғиж ғоя! Муҳими, уларни амалга тадбиқ этишни ҳам биласиз. Ўқиш ва ўрганишдан чарчаманг. Фақат ўзингизга куч бағишловчи, руҳан ва жисмонан толиқишингизга йўл қўймайдиган машғулотлар билан ҳам шуғулланиб туринг.

Саёҳатчи

6-рақам остидаги ўриндиқ сизнниг айни пайтда ўзингизни бўш қўйиб, ҳамма нарсани унутиб, руҳан енгил тортишни истаётганингиздан сўзлайди. Қолаверса, сайёҳат қилиш жону дилингиз эканлигини ҳам англатади. Айниқса, машина ёки самолёт ойнасидан атрофни томоша қилиб кетишни хуш кўрасиз. Сизга янги жойлар, янги танишлар, ана борингки, янги буюмлар ҳам ўзгача кайфият бағишлайди. Бу бир томондан қизиқувчанлигингиздан дарак берса, иккинчи томондан руҳан хотиржам эмаслигингизнинг ҳам таъсири бўлиши мумкин. Муаммолардан чалғишни эмас, уларни ё ҳал қилиш, ёки қўйиб юборишни ўрганинг.

МУХЛИСА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz