Ушбу рулетни тайёрлаш учун малакали пазанда бўлиш талаб этилмайди. Қўл остингизда зарур масаллиқлар бўлиши кифоя. Шунингдек, уни пишириш учун жуда қисқа — тахминан 15—20 дақиқа вақт кетади. Шунинг учун, иккиланмасдан, мазкур рулетни тайёрлаб кўришни тавсия этамиз.
Зарур масаллиқлар:
бисквит хамири учун:
- 1 стакан ун
- 1 стакан шакар
- 4 та тухум
креми учун:
- 4—5 ош қошиқ қуюлтирилган сут (қайнатилгани)
- 30 г маргарин
шакар упаси (устига сепиш учун)
Тайёрланиши:
Тухумнинг оқини сариғидан ажратамиз. Тухум сариғини шакарнинг ярми билан кўпиртирамиз ва четга олиб қўямиз.
Тухум оқини миксерда дастлаб паст тезликда, сўнг энг юқори тезликда кўпиртирамиз. Оқариб қуюқлашиб қолгач, шакарнинг қолган ярмини солиб, кўпиртиришда давом этамиз. Кўпик қаттиқлашиб, идишни қия қилганда оқиб кетмайдиган ҳолатга келгач, кўпиртиришни тўхтатамиз.
Тухум оқининг 1/3 қисмини шакар ва тухум сариғи аралашмасига қўшамиз ва эҳтиёткорлик билан аралаштирамиз.
Устига унни солиб, яна аралаштирамиз. Аралаштиришни қошиқни тепадан пастга ҳаракатлантириш орқали амалга оширамиз. Сўнг унга тухум оқининг қолганини соламиз.
Тайёр хамирни ёғлаб, пергамент қоғози тўшалган листга бир текис қилиб ёйиб чиқамиз. 200—220 даражагача қиздирилган духовкада тахминан 10 дақиқа пиширамиз.
Бисквит хамирининг усти оч жигарранг тусга кирганида духовкадан оламиз.
Энди кремини тайёрлаймиз. Бунинг учун қуюлтирилган сут ва хона ҳароратида юмшаган маргаринни миксер ёрдамида аралаштирамиз. Силлиқ масса ҳосил бўлгач, пишган хамирнинг устига бир текис қилиб сурамиз ва хамирни ўраймиз. Рулетнинг устига шакар упаси сепамиз.
Рулет тайёр. Ёқимли иштаҳа!