Кутубхона

Тиш оғриғи

Кечаси билан тишининг лўқиллаб оғришидан ухламай чиққан Салима боласини кўтарди-ю, йўлга тушди. Эртароқ бормаса узоқ навбат кутиб қолиши мумкин. Бунинг устига эмизикли боласи чирқиллаб қолиши бор. Навбатда одам унчалик кўп эмас экан. “Эрта турсанг, ишинг унади,” дея қувонди Салима. -Тишингизни рентген қилдириб келинг, йўқса олиб ташлолмайман, - деб туриб олди. Салима харчанд ялинмасин, у тишни олиб ташлашга унамади. Тиши эмас, юраги оғриётгандек юзлари буришган жувон рентген қиладиган бошқа жойга қараб жўнади. Йўлда оғриқни унутиш учун болалигини эсга олди. 8-синфда ўқиётганида ҳам тиши оғриб қолганди. Онаси уни қишлоқ шифокорига олиб бориб тишини суғуртириб келганди. Ўшанда онаси ва бувиси бошида парвона бўлишган, юмшоқ овқатлар қилиб беришганди. Салиманинг хўрлиги келди. Катта шаҳарда оқибатсизликни кўравериб шундоқ ҳам нозиклашиб қолган кўнгли, оғриқ сабаб янаям   нозиклашганди. У ўзини мушук олдида турган мусичадек ночор ҳис қилди. Аксига олиб рентген қилдиролмади. Чироқ ўчиқ экан. Қўлида бола билан довдираб турган Салиманинг ёнига оқ халатли аёл яқинлашди. Врач бўлса керак. -       Нима қилдирмоқчи эдингиз? Қайси тишингиз оғрияпти? Салима оғриётган тишини кўрсатди. -       Юринг, - деди дўхтир. Аппаратимнинг қуввати тугаб қолмаса кўриб қўяман. Боласи сўхтаси совуқ ҳамширанинг қўлида биғиллаётганидан Салиманинг тиш оғриғи унут бўлди.  Тезроқ олса-чи энди? Битта тишни суғуриб ташлаш қийинми? -       Тишингиз бутун. Фақат сал йиринглаган, - деди дўхтир бепарво. Олинг болангизни овутинг. Эртага соат учда келасиз. Салима нима дейишини билмай қолди. Ҳеч нарса қилгани йўғ-у. Кўзини лўқ қилиб пул сўрашиничи. Шундай қилиб эртаси куниям Салиманинг тиш оғриғи босилмади. Туни билан увиллаб йиғлаб чиқаётган хотинидан Мансур ҳам безди.  Эртаси куни Салимани бошқа дўхтирга олиб борди. Овқат ҳам еёлмаётган аёл ҳолдан тойди,  буёғи боласи кечаси билан эмиб чиқади. Бу дўхтир ҳам тишни кўрди-ю, пулни кўргандек хурсанд бўлиб кетди. -Даволаса бўлади, - деди у калта, сариқ сочларини қўли билан тараб. Кейин митти чархчани ғириллатиб тишнинг у ёқ бу ёғини қирган бўлди  ва аллақандаёй дори қўйиб эртага келишни тайинлади. Салима яна бир тунни амаллаб ўтказди. Назарида энди қулоғи, боши, ҳамма тишлари оғриётгандек эди. Кўзига икки боласи, эри ҳам кўринмай қолди. Зўрға тонгни орттирди-ю, боласини кўтариб дўхтирга чопди. Тиш дўхтир бамайлихотир тишни яна тозалади ва унга аллақандай модда суриб ковакни бекитди. Аммо оғриқ энди баттар кучайиб Салиманинг кўз олди қоронғилашди... Эртаси куни Салима қўшнисининг маслаҳати билан бошқа шифокорга учрашди. У тишни кўздан кечирди-ю, тишлиги қолмабди деб шартта суғуриб ташламоқчи бўлганди, тиш учга бўлиниб кетди. Дўхтир уни зўрҳа териб олди. Салима эса яхшиям тишлар ўттиз иккита , эллик иккита бўлганда эримнинг уч ойлик маошиям етмасди дея ўйлади ва оғирқ қолганидан ҳузурланиб енгил тин олди.

Саида Ибодинова