Тишларни даволаш ва уларнинг саломатлиги ҳақидаги энг машҳур ва соғлиқ учун энг зарарли хатолар.
1-уйдирма. Тишларни даволаш ҳар доим оғриқли кечади
Ҳозирги вақтда стоматологлар бутунлай бошқача ишлайди. Оғриқ қолдирувчи воситаларнинг жуда катта захираси уларнинг ихтиёрида, улар ҳар қандай ҳолат ва ҳар қандай даволанувчи учун дори воситаларини танлай олади: олти ёшли боладан тортиб то ҳомиладор аёлларгача. Ҳатто махсус гел ёрдамида игнанинг ўрнидаги оғриқни ҳам тўхтатиш мумкин.
2-уйдирма. Анестезия кўпинча таъсир кўрсатмайди
Оғиз бўшлиғининг сезувчанлиги ҳар бир одамда ўзига хос бўлади. Ҳар доим стоматологга уколдан кейин ҳам оғриқни сезаётганингизни айтишингиз керак. Бунга чидаш керак эмас — шифокор бу доридан яна бир доза юборади ва у таъсир қилгунча кутади.
3-уйдирма. Агар тишларингиз оғримаётган бўлса, стоматологга бориш керак эмас
Буларнинг ҳаммаси оғриқдан қўрқишнинг натижасидандир. Лекин ҳеч бўлмаганда ярим йилда бир марта стоматолог қабулига албатта бориш керак. Кўпинча тишларнинг касаллиги сиз учун мутлақо сезилмасдан бошланади — ҳеч қандай ноқулайликсиз ва оғриқсиз.
Тишлар учун хавфли жараён белгиларини аниқлаш фақат профессионалнинг қўлидан келади ва у даволашни қанча эртароқ бошласа, бу касаллик шунча тезроқ ва осонроқ ўтиб кетади.
4-уйдирма. Тишларни халқона воситалар ёрдамида даволаш мумкин
Тишнинг ички тўқималари яллиғланиши ёки тиш илдизи соҳасидаги тўқималарнинг яллиғланишида халқ табобати қанчалик фойдасиз бўлса, шунчалик зарарли ҳамдир.
Касал тишни ароқ ёки спирт билан чайқаш ҳақидаги маслаҳатлар ҳам тишлар учун ҳеч қандай фойда бермайди. Аксинча, бундай суюқликлар оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига жиддий зарар етказиши мумкин.
5-уйдирма. Тишларни қанча астойдил ва кўпроқ тозаласангиз, шунча яхшироқ
Тиш чўткадаги пастанинг ортиқчаси аксинча, тишларни тозалашга халал беради — ҳаддан ташқари кўп кўпик ҳосил бўлади, чўтка тишдаги қатламларгача етиб бора олмайди, фақат уларнинг юзаси бўйлаб ҳаракатланади.
Стоматолог тавсияларига амал қилиш лозим — у милкларнинг аҳволини, тишларнинг касаллигини ҳисобга олади ва сизга мувофиқ келадиган паста ва чўтка танлашга ёрдам беради.
Манба: Daryo.uz