Биласизми?

Тишларнинг сарғайишига олиб келувчи 4 одат

Агар тишларингиз сарғайиб кетишини истамасангиз, унда тиш эмалини мустаҳкамлаш ва доғларни йўқотишга ҳаракат қилинг. Чекиш ва тишларни мунтазам равишда парвариш қилмаслик — тишлар сарғайишининг ҳаммага маълум айбдорлари ҳисобланади. Лекин бунга бошқа баъзи одатлар ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Сиз оғиз чайқаш воситасидан кўп фойдаланасиз

«Муаммо шундаки, оғиз чайқашда ишлатиладиган кўпчилик воситаларга кислоталар қўшилган ва агар улар кўп ишлатилса, бу тиш эмалини емириши мумкин», — деб огоҳлантиради калифорниялик стоматолог Гаролд Кац. Шунинг учун агар сиз бундай воситаларни кўп ишлатишга одатланган бўлсангиз, бу одатни ўзгартиришингизга тўғри келади. Масалан, тишларни чайиш ўрнига чўтка билан тозалаш ва тозалатиш учун стоматологга тез-тез бориб туриш.

Сиз нордон мева ва сабзавотларни яхши кўрасиз

Кислоталилиги юқори бўлган нордон озиқ-овқатлар ҳам эмални юпқалаштириши мумкин, дейди шифокор Кац. Уларга цитрусли мевалар ва шарбатлар, помидорлар, ананаслар, сирка, газли ичимликлар, баъзи спорт ичимликлари ва салатлар учун сирка асосида тайёрланган зираворлар киради.

Бу озиқ-овқатларнинг ҳаммасидан бутунлай воз кечиш керак эмас, лекин уларни истеъмол қилишда бироз сув ичиш керак, деб тавсия қилади Кац.

Сиз кун бўйи қаҳва ичасиз

Олимлар қаҳванинг фойдали эканлигини таъкидласа ҳам, у тишларга фойда олиб келмайди, деб ҳисоблайди дантист Катя Фридман.

Ва ҳамма муаммо ҳатто сиз қанча қаҳва ичишингизда ҳам эмас, балки қандай ичишингиздадир. Уни тезроқ, камроқ миқдорда ҳўплаб, тиш эмалига тегмаслиги учун яхшиси чўп ёрдамида ичиш лозим.

Сиз тишларингизни ҳаддан ташқари мутаассиблик билан тозалайсиз

Албатта, тишларни мунтазам равишда тозалаш керак, лекин ортиқча тезлик ва чўтка билан босиш эмалнинг юпқалашишига олиб келади, деб ҳисоблайди ню-ёрсклик дантист Мазен Натур.

Манба: Daryo.uz