Ҳар бир аёл гавдасидан қатъи назар, дид билан кийинишни истайди. Тўладан келган аёллар ҳам бемалол сўнгги урф бўйича кийиниши мумкин, бунда баъзи қоидаларга риоя қилиш кифоя.
Ўз ўлчамингиздаги кийим-кечакни сотиб олинг
Кенг кийимлар семизликни яширмайди, аксинча гавдани янада тўлароқ қилиб кўрсатади. Шунингдек, тор кийим кийиб, қоматингиздаги ҳар бир камчиликка ҳам урғу берманг. Либос сизнинг яхши томонларингизни кўрсатиши ва қоматингизга мос тушиши керак.
Кўйлак ва В шаклидаги ёқаларни танланг
Кўйлаклар қоматни узун қилиб кўрсатади, шунингдек, латофат бағишлайди. Уларнинг ёқаси В шаклида бўлса, у ҳам бўйинни узайтириб кўрсатади.
Қора ранг билан чекланиб қолманг
Тўғри, қора ранг кишини озғинроқ қилиб кўрсатади. Бироқ нуқул қора рангда кийиниш ҳам ярамайди. Кўк, яшил, оч жигарранг, тўқ қизил қорага яхши муқобил бўла олади. Шуни ёдда тутингки, йирик нақшли, энига кенг чизиқли ёки бўйига ёрқин чизиқли кийимларни кийиш сизга тавсия қилинмайди. Қоматингизга ўртача ҳажмдаги тасвирлар туширилган либослар тўғри келади.
Йирик-йирик аксессуарларни танланг
Тўла аёлларга йирик безак ва аксессуарлар тақиш маслаҳат берилади. Сумкангиз қанчалик кичик бўлса, қўлларингиз шунчалик катта кўринади. Шунингдек, бармоқларингизга кичик узуклардан кўра, катта тошли узуклар ярашади.