Кўпчилик аёллар қоматидаги қандайдир камчилик бекитмоқчи бўлади. Қизларни кўпинча тос суягининг ортиқча катталиги хавотирга солади. Бироқ, хафа бўлиш ўрнига, тос суягини торроқ қилиб кўрсатишда ёрдам берадиган баъзи усуллардан фойдаланиш мумкин.
Урғуни тўғри қўйинг
Сизнинг вазифангиз — қоматингизни уйғун ҳолатга келтириб, кенг тос суягини бекитишдир. Бунинг учун гавданинг юқори қисмига кўпроқ урғу бериб, оч, ёрқин рангдаги ва турли шакллар туширилган кийимларни кийинг. Уларни тўқ ва бир хил тусли юбка ёки шим билан мослаштиришингиз мумкин.
Тўғри тушиб турувчи шимлар
Шим танлашда у тўғри тушиб туришига эътибор беринг. Ҳозир урфда бўлган тор шимлар кенг тос суягини яққол кўрсатиб қўяди. Шунингдек, оч рангдаги шим ҳам гавданинг пастки қисмига эътиборни қаратади, шу туфайли тўқ ранглисини танланг. Бели баландда жойлашган шим оёқни узун, тос суягини тор қилиб кўрсатади.
А шаклидаги кўйлак ва бели баланд юбкалар
Бел қисми торайиб, пастки қисми кенгайиб кетган А шаклидаги кўйлаклар кенг тос суягини яширишда энг қулайидир. Бунда кўйлакнинг юқори қисмида безаклар ва қизиқарли деталлар бўлишига эътибор беринг. Шунингдек, бели баланд юбкалар ҳам ушбу камчиликни бекитиш билан бирга, белни хипча қилиб кўрсатади.
Пошнали поябзал
Янада сарвқомат кўриниш учун пошнали оёқ кийим кийишни унутманг. Ҳатто пастгина пошна ҳам елкаларни кериб, гавдани тик тутишга ва чиройли қадам ташлашга ундайди. Шунингдек, пошнали поябзал бўйни ҳам баланд кўрсатади.
Мақолани тайёрлашда “Ладй.маил.ру” сайти маълумотларидан фойдаланилди.