Дунёдаги кўп халқлар қатори биз – ўзбекларда ҳам азалдан оила ва никоҳ муқаддас саналиб, эъзозланган. Шу боис ўзбеклар доимо тўйларига алоҳида эътибор берганлар. Аждодларимиз никоҳни Оллоҳ буюрган шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ўтказишга интилганлар. Тўй расм-русмлари ҳам никоҳни, оилани мустаҳкамлашга қаратилган. Тўйлар халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи восита бўлган. Чунки тўйларда халқ оғзаки ижоди – лапарлар, термалар, милллий рақс санъати, қўшиқ санъати ҳам равнақ топган. Кейинги юз йилликда ўзбеклар ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, юртимизнинг рус истеълочилари томонидан босиб олиниши ва улар олиб броган руслаштириш сиёсати халқимизнинг муқаддас анъаналарига, жумладан, тўйларга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ота боболаримиз асрлар давомида риоя қилиб келган анъаналар, расм-русмлар унутила бошлади, шариат аҳкомларига риоя этилмай қўйилди.
ХХ асрнинг 60-йилларида, аввало “қизил тўй”, кейинроқ “комсомолча тўй” деб номланган “янгича” тўйлар пайдо бўлди. Сўнгра бу тўйлар “базм” деб атала бошлади. Бундай тўйларда Ислом дини томонидан ҳаром деб таъқиқланган спиртли ичимликлар истеъмол қилинди. Оқибатда халқимизнинг имони сустлашди, руҳи ўтмаслашди, ўзи жисмонан заиф ва ожиз бўлиб қолди. Устига-устак эркак ва аёлларнинг тунда, бир дастурхон атрофида ўтириб майхўрликка, ўйин-кулгига берилишлари улар орасидаги илоҳий пардани – ҳаё ва иффат пардасини олиб ташлади. Халқимиз орасида тарихда кузатилмаган зино, фаҳш каби хорликка элтувчи ишлар содир бўла бошлади. Баъзилар эса тўқликка шўхлик қилиб ким ўзарига, сендан мен камми зайилида иш тутиши оқибатида исрофгарчилик каби иллатларнинг авж олишига сабабчи бўлдилар.
Донғи кетган санъаткорларни ёллаш, махсус бақиртиргичлар ўрнатиб тўйнинг овозини ети маҳаллага эшиттириш халқнинг ижодкорлигини бўғди. Тўйларда миллий куй қўшиқлар, лапарлар ижро этиш, шеърхонилкар қилиш, ёр-ёр, алёрлар айтиш кўпинча унутилди. Шу тарзда тўйларимиз минг йиллардан буён бажариб келган улуғ вазифасини, яъни халқнинг ижодкорлик қобилиятини шакллантирувчилик вазифаси барҳам топа бошлади.
Барчасининг оқибатларини айтсам тилим, айтмасам дилим куяди: оилавий можаролар, эр-хотин орасидаги низолар, қўйди-чиқдилар, болаларнинг тирик етим қолиши, етимхоналарнинг кўпаяётганлиги ва ҳоказо… ҳоказо…. Булар нима? Қандай гуноҳларимиз ва хатоларимиз эвазига кўраётган кўргуликларимиз булар? Ахир, камтарона ва покиза тўйлар ўтказган бизнинг аждодларимиз бундай фожеаларни билмаганлар-ку, бунай ишларни ўзлари учун ор билганлар-ку?! Бугун ўзлигимизга қайтадиган давр келмадимикан?
Мустақиллик даврида халқимиз ижтимоий хаётида, ижтимоий-сиёсий қарашларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Лекин, афсуски, тўй расм-русумларида ижобий силжишдан кўра, салбий - номақбул одатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, ҳаром-харишдан асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхонга, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф-сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қаътият етишмаяпти.
Диний эътиқодларга эркинлик берилиши аҳоли муайян бир қисмининг шариат қоидаларига кўра яшашлари учун имкон туғдирди. Турмуш тарзимизга “исломий тўй” деган янгича тўй кириб келди. Лекин, афсуски, исломий тўйдан ҳам кутган эзгу умидларимиз рўёбга чиқмаётир. Чунки ҳали диний саводи унча юқори бўлмаган отинойилар бундай тўйларни фақат ваъзхонликка, қуръонхонликка, такбирхонликка айлантириб юбордилар. Мусиқа, қўшиқ, шеърхонликларни эса, “шайтоннинг найранги” деб қатъий ман этиб, ҳали шариат аҳкомларига тўлиқ риоя қила олмаётганларнинг иззат-нафсига тегадиган, уларни диндан бездирадиган гапларни айта бошладилар. Бу эса, исломий тўй ҳақида халқимиз орасида салбий қарашларни келтириб чиқармоқда. Ҳолбуки, пайғамбаримизнинг ҳадисларида тўйда мусиқа чалиш, қўшиқ айтиш, ўйин кулгу қилиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ижтимоий ҳаётимизга бозор муносабатларининг кириб келиши – биз ҳоҳлаймизми, йўқми – бугун бўлмаса эртага тўй ўтказиш тартибларига ҳам таъсир этади. Тўйлар бундан буён тобора ихчанлашиб, соддалашиб бориши эҳтимолдан холи эмас. Негаки, бозор муносабатларининг ўзига хос қонунлари, яъни нархларнинг ўсиши, кундалик истеъмол молларига бўлган эҳтиёжларнинг тобора ошиб бориши бу эҳтиёжларни қондириш учун кўпроқ меҳнат қилишга мажбур этади. Бу эса, бозор иқтисодиётининг қонун-қоидаларини, ижтимоий ҳаётнинг моҳиятини терангроқ англаб етиш учун имкон туғдиради, одамларда меҳнат ва машаққат билан топган пулни тўйларда беҳуда совуришга йўл қўймайди.
Айни замонда тўй ўтказаётган ота-онага агар тўй қилиб таниш-билишларнинг кўнглини олишдан ҳам кўра фарзандининг бахтли бўлиб кетиши, ўқиладиган никоҳ ҳайрли, қурилажак оила мустаҳкам бўлиши муҳимроқ бўлса, улар фикримизча, қуйидаги уч қоидага қаттиқ амал қилишлари лозим:
Аввало, тўйда спиртли ичимликларни қўймаслик. Чунки никоҳ ҳалоллик ва поклик рамзидир. Унга Оллоҳ томонидан ҳаром этилган нарса аралаштирилса, ҳалолга ҳаромнинг касри уради ва никоҳнинг мустаҳкамлигига футур етади.
Иккинчиси, аёл билан эркакни бир жойга тўплашга, биргаликда ўйин-кулгу қилишга барҳам бериш. Чунки бунда кўз зиносига йўл қўйилад. Бу ҳам ҳаром этилган амалдир ва никоҳга салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Учинчиси, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ноз-меъматларни, сарпо-сидраларни, қизнинг сепини ошириб-тоширмаслик. Чунки Оллоҳ бундай ҳолни суймайди ва бу ҳаром амалдир.
Шу уч қоидага риоя қилган одам, шубҳасиз, ўз фарзандига ва бошқаларга бахт улашган, яхшилик қилган, қурилаётган ёш оила пойдеворининг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшган бўлади.
Халқимиз орасида ичкиликсиз тўй зерикарли бўлади, бундай тўйга боргандан бормаган афзал, деган ақида шаклланган. Ваҳоланки, тўйга еб-ичиш, хурсандчилик, кайф-сафо учун борилмайди. Тўйга икки ёшга оқ йўл тилаш, фарзандларини камолга етказиб, мустақил ҳаётга йўллаётган ота-онани, қавм-қариндошларини, ёру дўстларини муборакбод этиш учун борилади.
Тўйларда янгича тартиб, янгича расм-русумларни жорий қилишда маҳалла қўмиталари, хотин-қизлар фаолларининг таъсири кучли бўлмоғи зарур. Ҳар бир маҳаллада иқтидорли аёллардан лапарчилар, мусиқачилар гуруҳини ташкил этиш, тўйни қизиқарли, бир умр эсда қоладиган қилиш учун турли-туман дастурлар тайёрлаш, тўй иштирокчиларининг фаоллигини ошириш йўлларини ўйлаб топиш лозим.
Айни кунда биз – ўзбеклар шундай тўйларни жорий этишимиз лозимки, бу ўзбекининг ўзининг тўйи, ўзига хос ва ўзига мос миллий, ўзбекона тўйи бўлиб довруғи кетсин. Бу тўйлар унинг миллий қиёфаси, шавкати ва ор-номусидан дарак бериб турсин; у бизнинг чинакам ифтихоримизга айлансин.
Муаллиф: Ҳафиза Насруллоҳ
[message type="info" title="Info"]Мазкур мақола аёл.уз сайтида 2007 йил 7 Октябр куни чоп этилган эди.[/message]