Саломатлик

Турган ҳолатда ишлайдиганлар соғлиғини сақлаб қола оладими?

Турган ҳолатда ишлайдиганлар соғлиғини сақлаб қола оладими?

Бир кунда неча соат давомида турган ҳолатда ишлаш ва ёқимсиз ҳисларни камайтириш учун нималар қилиш кераклигига аниқлик киритамиз.

Турган ҳолатда ишлаш нимаси билан хавфли

“Узоқ вақт давомида туриш” деганда саккиз соатдан ортиқ тик оёқда бўлиш тушунилади. Офис ишчилари одатда айнан шунча вақт давомида ўтиришади, ишчилар эса бундан-да кўп вақтни оёқда ўтказадилар. Агар доимий равишда узоқ вақт давомида ўтирмасдан ишланса, сурункали вена етишмовчилиги, томирларнинг варикоз кенгайиши, бел ва товонлардаги оғриқ, туғруқлардаги оғир ҳолат хавфи пайдо бўлади.

Томирларнинг варикоз кенгайишининг илк белгилари: чарчаш, оғирлик ҳисси, оёқлардаги оғриқлар, куннинг охирига бориб оёқларнинг бироз шишиши.

Марина Березко, тиббиёт фанлари номзоди, врач жарроҳ-флеболог, «Флебология Маркази» клиникаси лимфологи, medi компаниясининг флебология бўйича маслаҳатчиси.

Бироқ бу белгилар саккиз соат давомида ҳаракатсиз ҳолатда турилганидагина ривожланади. Бундай ҳолат талаб қилинадиган жойлар деярли мавжуд эмас. Агар қўл меҳнати ва етказиб бериш билан банд бўлсангиз, сиз доимий равишда ҳаракатдасиз. Офисда бошқа хоналардаги ҳамкасбларингизнинг ёнига борасиз, чой қўясиз, принтерда чоп этилган ҳужжатларни оласиз, мажлисларга чиқасиз. Тик оёқда туриб ишлаш учун стол сотиб олганингизда ҳам саккиз соат давомида ҳаракатсиз турмайсиз.

Бундан фойда борми?

Олимлар берган маълумотларга қараганда, турганимизда биз ўтирган ҳолатга қараганда икки марта кўп калория сарфлар эканмиз. Ўтирганимизда дақиқасига бир калория, турганимизда – икки, юрганимизда – тўрт калория сарфланар экан.

Статистикага кўра, ортиқча вазнга эга одамлар озғинларга қараганда ўртача 2,5 соат кўп ўтиришар экан. Бу соғлиқ учун туриш ўтиришдан кўра фойдали эканини англатади.

Бироқ бунда кўпроқ оғирлик умуртқа ва оёққа тушади.

Организмда ҳамма нарса бир-бирига узвий боғлиқ. Умуртқа деформацияси, остеохондроз оёқлардаги оғриқларга сабаб бўлади. Венадаги ҳаракатсизлик ҳисси умуртқадаги ёқимсиз оғриқларга сабаб бўлади, оғир оёқлар синдроми ривожланади.

Марина Березко

Шунинг учун ўтириб ҳамда туриб ишлашни биргаликда амалга оширган маъқул. Белдаги оғриқдан халос бўлиш учун қуйидаги машқларни бажариб кўринг.

Тик оёқда ишлаб, оғирлик ҳиссини сезмаслик

Тананинг барча оғирлигини оёқ кафтининг юмшоқ қисмига ўтказинг, тиззани бироз букинг. Ана шунда бўкса ва тизза камроқ чарчайди. Вақт ўтиши билан вазнни оёқларга ўтказишни ўрганасиз. Бу қон айланиши учун фойдалироқ. Бу яна оёқнинг болдир қисмини мустаҳкамлайди.

Иш давомида бироз вақтни туриб, бошқа қисмини ўтирган ҳолатда ўтказинг. Биз жуда кўп ўтирамиз: транспортда, кечки пайт диванда, овқат пайтида, кроватда. Шунинг учун кўпроқ туринг, бироқ кун бўйи тик оёқда бўлманг.

Веналар саломатлигини сақлаш учун доимий равишда ҳар 2-3 соатда ҳолатни ўзгартириш, ҳаракат қилиш, енгил машқлар бажариш керак. Оёқлардаги ёқимсиз оғриқлар – оғирликни ҳис қиладиганларга профилактик компрессион трикотаж кийиб юриш тавсия этилади.

Марина Березко

Кун давомида неча соат туриш керак

Кун давомида камида икки соат турган ҳолатда бўлишга ҳаракат қилинг. Идеал кўринишда бу кўрсаткич тўрт соатни ташкил қилади. Турган ҳолатда ишлаш учун ҳамма ҳам стол сотиб ололмайди. Бундай вазиятда кўпроқ юринг.

  • Эрталаб ва кечки пайт бир неча километр пиёда юриш учун машинани ишхонадан узоқроқда қолдиринг.
  • Телефон қўнғироқларига жавоб бераётганда ўрнингиздан туринг.
  • Ҳар бир қаватда ҳожатхона мавжуд, сиздан узоқда бўлганига боринг.

Соғлиқда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш учун бир неча одатларни ўзгартириш кифоя.

Манба: Kun.uz