Туз кундалик ҳаётимизда нафақат овқатга қўшиш учун, балки бутунлай бошқа ҳолатларда ҳам бизга қўл келиши мумкин.
-
Туз, пўчоқ ва «кимё»
Тухумни қайнатишда сувга туз солиш – бувиларимиздан қолган усул бўлиб, унинг тўғрилигини ҳозирги замон фани ҳам тасдиқлайди. Тузли эритма (1 литр сувга 1 ош қошиқ туз) тухум пўчоғини ёрилишдан сақлайди, ёрилган тухумнинг эса оқиб кетишига йўл қўймайди.
-
Севимли ичимликнинг янги таъми
Кўпчилик қаҳвани шакар билан ичади, шинавандалар эса – туз билан. Туз қаҳвага ўзгача таъм беради. Ичимликка туз қўшиш сувни юмшатади, тахирликни йўқотади, қаҳва донларининг ҳақиқий мазасини ва хушбўй ҳидини очишга ёрдам беради.
-
Шишаларга жило беришнинг тежамли йўли
Илиқ сувга солинган туз шишага ялтироқлик бағишлайди. Идишларни тузли сув билан ювинг, совуқ сув билан чайқанг.
-
Янги чўян товани ишлатишга тайёрлаш
Ишлаб чиқарувчилар янги чўян товани ишлатишдан олдин қиздиришни тавсия қилади. Чўян товани қиздиришнинг энг оддий ва хавфсиз йўли – ош тузи ёрдамида. Товани идиш ювиш воситаси билан ювинг ва артинг. Ичига бир сантиметр қалинликда туз сепинг ва 15—20 дақиқа давомида қиздиринг. Кейин эса тузни тўкиб ташланг ва товани қуруқ латта билан артинг.
-
Нозик кийимлардаги тер доғлари
Кийимдаги тер доғларини доимий равишда тозалашга тўғри келади. Буни қандай амалга оширишни ҳамма ҳам билмайди, айниқса доғлар нозик кийимларда бўлса, бу муаммо сизни шошириб қўйиши мумкин. Тузли эритма билан тозалашга уриниб кўринг. Бир стакан сувга – 1 ош қошиқ туз. Эритмани доғ устига суринг ва ярим соат шундай қўйинг. Кейин чайқанг ва қуритишга қўйинг.
Манба: Daryo.uz