Дерматолог, тиббиёт фанлари номзоди Саъдулла Соипов изоҳ беради:
— Учуқ (герпес) вируслар қўзғатадиган тери касаллиги сифатида, яъни баданнинг турли қисмида ғуж-ғуж майда пуфакчалар ҳосил бўлиши билан кечади. Касаллик манбаи беморнинг ўзидир. У бошқалар билан мулоқот чоғида учуқни юқтиради. Учуқнинг пайдо бўлишига қаттиқ совқотиш, шамоллаш, иммунитетнинг пасайиши, гиповитаминоз, турли инфекцион хасталиклар (грипп, зотилжам, безгак) ва танадаги юқумли дардларга мойиллик хусусияти имкон яратади. Учуқ икки хил (оддий ва ўраб олувчи) турда намоён бўлади.
Кўзга ҳам учуқ тошадими?
Оддий учуқ вируси кўпинча бемор организмига чақалоқлик давридаёқ тушади, лекин касаллик аломатлари узоқ вақтгача юзага чиқмайди. Чунки бу вақтда болада онасидан ўтган иммунитет мавжуд бўлади. Кейинчалик иммунитет кучи бирор сабабга кўра сусайса, касаллик вужудга келиши, яъни одамнинг баданига (асосан лабига) учуқ тошиши мумкин. Организмга тушган учуқ вируси бир умр сақланиб қолади, бу эса сурункали учуқ ташувчилик дейилади. Оддий учуқ кўпинча лабга, бурун қанотларига ёки оғиз бўшлиғига, баъзида эса кўзга ҳам тошади. Учуқ тошган соҳада тиниқ суюқлиги бор майда (ғуж-ғуж) пуфакчалар пайдо бўлади. Улар тезда ёрилиб, сарғимтиртусда қотади. Учуқ тошган жой қичишиши ва ачишиши мумкин. Баъзан лоҳаслик, эт увишиши, меъда-ичак фаолиятининг бузилиши рўй беради. Оғирроқ ҳолларда бемор иситмалаши, асаб тизимида ва ички аъзоларида қатор ўзгаришлар юз бериши кузатилади. Учуқ пуфакчалари одатда 7-10 кунда битади ва ўрнида қизғимтир доғ қолдиради.
Баъзида учуқ қайталаб, тузалган жойда яна пайдо бўлиши мумкин. Бунга ҳаво ўзгарувчанлигига тананинг мослашолмагани, иммунитет пасайгани ёки кишининг авитаминоз(витамин етишмаслиги)га чалингани сабабдир.
Тузалса, оғриқ беради
Ўраб олувчи учуқни сувчечак вируси қўзғатади. Бу билан фақат катталар оғрийди. Учуқ чиққач, теридан ташқари асаблар ҳам зарарланади. Масалан, оғриқ асаб толалари бўйлаб (асосан қовурға ораси ва бел қисмида) тарқалиши кузатилади. Кейинчалик асабнинг зарарланган соҳасига майда пуфакчалар тошади. Бу пуфакча ичидаги тиниқ суюқликка аввал йиринг, кейин қон аралашади. Шунингдек, зарарланган асабга яқинроқ жойдаги лимфа безлари катталашади, беморнинг тана ҳарорати кўтарилади. Пуфакчалар ҳеч қандай даво чоралари қўлланмаганда ҳам 6-8 кунда ёрилиб, қора қўтир билан қопланади.
Икки-уч ҳафтада бемор соғаяди. Бироқ заиф ва кекса кишиларда у қайталаши, қолаверса, соғайган жойлар узоқ вақтгача оғриқ бериб туриши мумкин.
Совқотишдан сақланинг
Учуқнинг ҳар иккала турини шифокор даволайди. Касаллик енгил кечганда учуқ тошган жой(лаб, бурун кабилар)га бриллиант яшили ёки антисептик суртмалар суртиш лозим. Агар учуқ кўз, оғиз бўшлиғи, жинсий аъзоларда бўлса, албатта, шифокор назоратида даволаниш шарт.
Учуқ тошгандакиши иссиқ кийиниши, совқотишдан сақланиши лозим. Ўраб олувчи учуқ авж олганда эса бемор ўринда ётиши зарур. Бу пайтда сервитамин овқатлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати зарарланганда оғизни мойчечак дамламаси билан тез-тез чайиб туриш керак. Учуқнинг олдини олиш учун киши ўзини жисмонан чиниқтириб, борилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Фаслга қараб кийиниши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳам хасталик юқмаслиги учун муҳимдир.
Гиёҳлар учуқни даволайдими?
Баъзи бир доривор ўсимликлар қайнатмаси ёки дамламаси теридаги яра-чақа, учуқ ва яллиғланишларнинг олдини олади. Маврак (шалфей) таркибида эфир мойи ва ошловчи моддалар бор, унинг барг дамламаси оғиз ичини, томоқ йўлларини чайишда ишлатилади, нафас йўлларинг яллиғланишлари ва жароҳатларига даво. Наъматак (шиповник) қайнатмаси ҳам жуда фойдали бўлиб, оғиз бўшлиғи касалликлари (милк яраларида, лаб ёки оғиз бўшлиғига учуқтез-тез тошганда) ва қувватсизликни бартараф этувчидир. Далачой (зверобой) таркибида каротин, витамин С, эфир мойи, флавоноидлар, ошловчи моддалар бор,шунинг учун ҳам оғиз бўшлиғи ва теридаги учуқларни даволашда бу ўсимлик қайнатмасидан фойдаланиш мумкин. Қайнатма кунига чорак стакан миқдорда уч маҳал ичилади ва у билан жароҳатлар ювилади.
Умуман, учуқ тез-тез чиқиб турадиган кишилар шифокор билан маслаҳатлашиб туриши керак. Негаки, баъзида учуқ айрим ички яллиғланишлар ёки қондаги ўзгаришлар сабабли пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Гулчеҳра Жамилова ёзиб олди.
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси