Биласизми?

Умрни узайтирувчи 4 та оддий ва фойдали одат

Баъзи оддий одатлар соғлиқни яхшилаш ва умрни узайтиришга ёрдам беради.

Тишларни тозалаш

Буни бир кунда икки марта бажаришни унутманг. Тишларни тозалаш юрак билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади ва бу билан умрни узайтиради.

Милкларнинг касалланиши юрак-томир касалликларининг пайдо бўлишига олиб келиши илгаридан маълум, лекин бу икки муаммонинг бир-бири билан боғлиқлик сабабларини охирги пайтларгача ҳеч ким аниқлай олмаган.

Яқинда олимлар бунинг асосий айбдорлари оғиз ичида яшайдиган ва  милкларнинг яллиғланишини келтириб чиқарувчи стрептококк бактериялари эканлигини аниқлади.

Шошилмай ейиш

Олимлар овқатланиш вақтида шошилиш ва ортиқча вазн орасидаги боғланишни топди. Овқатни тез ейишга одатланганларнинг ортиқча вазн йиғиш эҳтимоли шошилмай ейдиган одамларга қараганда 84 фоизни ташкил қилади. Бунинг сабаби организмга ейишни қачон тўхтатиш кераклиги ҳақида огоҳлантирувчи сигнал тизимининг бузилиши билан боғлиқ.

Кунни бир пиёла сув билан бошлаш

Бу организм намликни тўплай оладиган суюқлик захирасини яратишга ёрдам беради. Кун давомида эса ўз «сув захирангизни» тўлдиришни унутманг.

Суюқлик ёрдамида танамиз ҳужайраларига витаминлар ва микроэлементлар етказиб берилади. Сув асаб ва юрак-томир тизими фаолияти учун жуда зарур, у умуртқалар орасидаги гардишлар ва бўғимларни озиқлантиради.

Эрта ухлаш

Ўтказилган кўплаб тадқиқотларнинг берган маълумотларига қараганда «бойқушлар» «турғайлар»га қараганда камроқ умр кўрар экан. Кеч ётадиганларда кўпинча қандли диабет ва юрак-томир касалликлари кузатилади. Бундай одамларда уйқунинг сифати ҳам унчалик яхши бўлмайди.

Ҳамма гап шундаки, ярим тунгача бўлган уйқу қанча узоқроқ давом этса, организмда мелатонин гормони шунча кўпроқ ишлаб чиқарилади. Бу гормон нафақат кучларни тиклаш ва бардам уйғонишга, балки қондаги шакар миқдорини пасайтиришга, иммун тизими фаолиятини яхшилашга, стрессдан ҳимоя қилишга ва зарарли ўсимталарнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.

Манба: Daryo.uz