Кутубхона

Унутилган уя

Муслим холанинг яна боди қўзғаб қолди. Шундай бўлса-да, томга ўраб-чирмаб,  осиб қўйилган бешикни аранг олиб  тушди. Ахир Абдуллажони ўғил кўрди. Ҳадемай Тошкентга қайтишса, келини чақалоқни барибир бешикка беламайди. Абдуллажон хотинини туғруқхонадан олиб келишга кетгач, кампир бешикни чиройли қилиб созлаб қўйди. Инқиллаганча оғриётган оёғини уқалай бошлади. Ҳа, ўғлим жавоб беришмадими? – деди у ёлғиз қайтган Абдуллажонга. Йўқ, ойи келинингиз бир-икки кун онасиникида турар экан. Бу ерда бемалол бўлолмайман деяпти. Келавермабди-да. – дея шивирлади секингина. У кўнгли оғриганда шундай қиларди. Дарров оғирлигим тушибди-да, деб ўйлади. Йигирма кундан кейин чақалоқнинг кичик чилласи чиққач,  ўғлини қўярда-қўймай келинини чақириб олди. Ойижон, бизни тезда соғиниб қолибсизда. Бир оз ўзимга келиб олай дегандим. Қани-қани неварамни бир кўрай-чи. Исмини нима қўямиз болагинамнинг? Ойижон, исмини Муроджон қўйдик. Дадам шуни хоҳлади. Муслим хола ялт этиб келинига қаради. Яна кўнгли оғриди. Нима бўпти, деб ўйлади ичида. Бобоси қўйганда. Мен ҳам қариб, ёш болага ўхшаб қолдим. Арзимаган нарсаларга ҳам хафа бўлавераман. Кундан-кун майдалашиб кетяпман. Мен бешикни тайёрлаб қўйдим. Эртага болани бешикка соламиз. Чиқиб  бир-иккита қўшниларни айтиб чиқай. Сиз дамингизни олинг. Ойи, ҳали бешик олганимиз йўқ-ку. Айтдим-ку, бешикни тайёрлаб қўйдим деб. Янги бешиклар усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Битта болани катта  қилишга ҳам ярамайди. Бу бешик жуда қадрли. Раҳматли отам Анваржон туғилганида олиб келганди. Шундан кейин яна бешта болани катта қилди бу бешик. Худога шукур, барчаси ақлли, эсли-ҳушли бўлиб ўсишди. Келин индамади. Катта қизига олган бешик синиб, ярамай қолгани рост. Аммо боласини эски бешикка белайдими энди? Ҳечам-да. Кечқурун шаҳарда яшайдиган катта ўғли Анваржон, маҳалланинг ўзига келин бўлиб тушган қизлари келишди. Катта келини югуриб-елиб хизмат қилди. Абдулла ака, ойингиз Муроджонни бешикка соламиз, деяпти. Аммо билиб қўйинг, ўша эски бешикка боламни ётқизмайман. Нима бўпти. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Ҳеч кимдан кам жойим йўқ. Нега гапни кўпайтиряпсан? Гапни кўпайтираётганим йўқ. Лекин ўша бешикка боламни ётқизмайман. Гап тамом, вассалом. Худо билади, унда сиздан бошқа яна кимлар ётганикин? Эшик тагидан ўтиб кетаётган Муслим хола баланд овозни эшитиб, ҳайрон бўлди. Гап эски бешик ҳақида бораётганини билгач эса индамай ортига бурилиб кета бошлади. Эшикни тарсиллатиб, ёпиб чиққан Абдуллажон оқсоқланиб бораётган онасини кўриб шошиб қолди. –Ойи, менда ишингиз бормиди?– деди меҳрибонлик билан. Ҳа, болам. Қарасам бешик янги кўрингани билан ичи ярамай қолибди. Шунга эртага бозордан Муроджонга янги бешик сотиб олиб кел деб айтгани келгандим. Ойи, ахир икки ҳафтадан кейин таътилим тугайди. Тошкентга қайтиб кетишим керак. Шу бешикда ётиб турсаям бўлади. Ортиқча ҳаражатнинг нима кераги бор? Мана пул,–деди хола рўмолининг учига тугилган пулни оларкан. Албатта эртага янги бешик олиб кел. Муслим хола бодингизни даволатасиз деб ўғли Анваржон бериб кетган пулни бешик учун бериб юборди. Ўзи уйга кириб, ясатилган бешик ёнига келди. Бешикнинг кўрпачаларини бирма-бир силаб, ҳидлаб сандиққа солди. Кўз ёшларини рўмолининг учига артар экан, бешик кўзига полапонлари тарк этиб, қаровсиз қолган эски уяга ўхшаб кўринди. Эрталаб эса Абдуллажонларнинг пешайвонида ясатилган янги бешик турарди. Ҳовлидаги сўри ток устида, сап-сариқ сарғайган барглар орасида, полапонлари учиб кетган уя ичида эса она мусича мунғайиб ўтирарди.

Саида Ибодинова