Саломатлик

Унутувчанлик ақл учун фойдалими?

Яқинда ўтказилган тадқиқотлар кўп нарсани унутиб қўйиш нафақат нормал ҳолат, балки фойдали ҳам эканлигини исботлади. Шунинг шарофати билан биз ақллироқ бўламиз.

Торонто университети олимлари Пол Франкленд ва Блейк Ричардз тахмин қилишича, хотиранинг вазифаси ахборотни узоқ вақт давомида аниқ ҳолатда сақлашдан иборат эмас. Уларнинг сўзларига кўра, хотиранинг асосий вазифаси — муҳим нарсаларни сақлаб қолиш ва аҳамиятсизларини ўчириш ҳисобига ақл билан қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштириш.

Нима учун унутиш керак?

Франкленднинг сичқонлар устида олиб борилган тажрибаларидан бири бош миянинг янги ҳужайралари шаклланган вақтда, янги алоқалар эски хотираларни қайтадан ёзишини ва уларни деярли «қўл етмайдиган» жойга ўтказиб қўйишини кўрсатди.

Эски хотираларнинг вақти-вақти билан янгилари билан алмаштириб турилиши эволюция нуқтаи назаридан анча фойдали бўлиши мумкин. Масалан, бу бизга янги вазиятларга мослашиш ва эскирган ва потенциал жиҳатдан ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотдан қутулиш имконини беради.

Миямиз бизга ўтган воқеалар тафсилотларини унутишда ёрдам беради ва хотирада умумий картинани сақлаб қолади, холос, бу эса, тадқиқотчилар фикрига кўра, бизга ўтган тажрибаларни умумлаштириш ва уларни жорий вазиятда қўллаш имкониятини беради.

Нимани унутиш керак?

Агар сиз аввалгидан ёки ўзингизга керагидан кўпроқ нарсани эслаб қололмаётганингизни сезсангиз, сизга шифокор маслаҳати ортиқча бўлмайди. Агар сиз алоҳида деталларни унутаётган бўлсангиз, бу эҳтимол, соғлом, тўғри ишлаётган хотира кўрсаткичи ҳисобланади.

Бу хотирада телефон рақамларини ёки исталган вақтда Интернетдан топиш мумкин бўлган нарсаларни сақлаш ҳожати бўлмаган рақамли даврда айниқса долзарб.

Кўплаб рақамлар ва фактлар ўрнига, миямиз энди биз учун ҳақиқатда муҳим бўлган хотираларнигина сақлаши мумкин.

Ричардз, шунингдек, хотирани мунтазам равишда жисмоний юкланмалар ёрдамида тозалаб туришни тавсия этади, улар гипоталамусдаги нейронлар сони ошишига имконият яратади. Агар шунда ҳам нимадир унутилса, демак у сиз учун муҳим бўлмай қолган.

Манба: Daryo.uz