Брауни пишириғи номи инглизча бровн — жигарранг сўзидан олинган бўлиб, шундай рангдаги шоколадли пирожнийга нисбатан қўлланилади. Ушбу таом Америка ошхонасига хосдир. Ретсептдан келиб чиқиб, брауни торт, кекс ёки печене кўринишида бўлиши мумкин. Бугун уни кекс кўринишида пишириб кўрамиз.
Зарур масаллиқлар:
- 100 г аччиқ шоколад (59—70% какао)
- 100 г маргарин
- 200 г шакар
- 2 та тухум
- 100 г ун
- 1 чой қошиқ разрихлител
- 1 пиёла майдаланган ёнғоқ
Тайёрланиши:
100 г аччиқ шоколадни бўлаклаб сув банясида ёки микротўлқинли печда эритамиз.
Унга 100 г маргаринни бўлаклаб солиб, эритишда давом этамиз.
Сўнг 200 г шакарни қўшиб, силлиқ масса ҳосил бўлгунича яна аралаштириб, эритамиз.
Аралашмани совигач, унга 2 та тухумни солиб, яхшилаб аралаштирамиз.
Устига 100 г ун ва разрихлителни элаб соламиз ва суюқ хамир қорамиз.
Хамирга бир пиёла майдаланган ёнғоқ мағзини қўшамиз ва аралаштирамиз.
Ёғлаб, пергамент қоғози тўшалган формага хамирни қуйиб, 170 даражагача қиздирилган духовкада 30—35 дақиқа давомида пиширамиз.
Тайёр коржни духовкадан олиб, совитамиз. Даструхонга тортишдан аввал уни тўртбурчак шаклида кесиб, ликопчага соламиз.
Брауни тайёр. Ёқимли иштаҳа!