Мақолада сочларни уй шароитида мустақил тарзда бўяшга қарор қилган аёллар учун маслаҳатлар берамиз.
Ранг танлаймиз
Бошида сочлар учун бўёқнинг рангини танланг. Бунинг учун ўзингизнинг сартарошингиз ёки мутахассиснинг маслаҳатларидан фойдаланинг. Бу унчалик қийин эмас, асосийси бўёқни сочларда қанча узоқроқ ушласангиз, ранги шунча тўқроқ бўлади. Мутахассислар ҳам кўз ва тери рангини ҳисобга олиб табиийга яқин рангларни танлашни тавсия қилишади.
Керакли анжомлар ва бўёқ
Уйда сочларни бўяшдан олдин ҳамма керакли нарсаларни тайёрланг. Калта ва ўртача узунликдаги сочлар учун бир ўрам, узун сочларга эса икки ўрам бўёқ керак бўлади. Бўяш учун чўткача олишни унутманг. Қолганларининг ҳаммаси бўёқ ўрамининг ичида бўлади. Бўёқ ва оксидловчи моддани аралаштириш учун керак бўладиган пластмасса идиш ва тароқ албатта уйда топилса керак.
Сочларни тўғри бўяш учун қўлланма
– Пластмасса идишда бўёқни ва оксидловчи моддани яхшилаб аралаштиринг.
– Терига тушган бўёқни осон кетказиш учун пешанадаги сочларга яқин соҳага, қулоқлар ёни ва бўйин терисига вазелин ёки ёғли крем суринг.
– Бўёқ тегмаслиги учун елкангизга сочиқ ташланг.
– Полиэтилен қўлқопларни кийинг.
– Сочларингизни яхшилаб таранг ва уларни бош айланаси бўйича 4 қисмга ажратинг.
– Ҳар бир қисмни фарқлари яхши кўринадиган қилиб қистиргич билан қистириб қўйинг.
– Чўткага бироз бўёқ олинг ва уни марказий фарқдан бошлаб, илдизлар бўйлаб узунасига, орқага ва олдинга ўтказинг
– Ҳамма фарқларни синчиклаб бўяб чиқинг.
– Сочларнинг илдизига бўёқнинг ярмидан кўпроғи кетади, чунки айнан уларни яхшироқ бўяш керак.
– Илдизларини синчилаб ва бир текис бўяб бўлгандан кейин, бўёқнинг қолганига майда тишли тароқни ботириб олинг ва уни соч узунлиги бўйича ўтказинг.
Вақтни белгилаймиз
Агар сиз сочларингиз тўқ рангли бўлишини хоҳласангиз бўёқни бошда 30-40 дақиқадан кам ушламанг.
Керакли вақт ўтганидан кейин бошингизни шампун билан ювинг ва бальзам билан чайқанг.
Манба: Daryo.uz