Ҳозирги вақтда тўлиқ табиий, зарарли моддалардан холи бўлган косметик маҳсулотларни топиш амри маҳол. Аммо бундай воситаларни уйда ўз қўлларимиз билан тайёрлашимиз мумкин.
1.Юз учун скраб
Зайтун ёғи, қаҳва, шакарқамиш қанди ва сув олиб, барчасини аралаштиринг. Тайёр. Жуда оддий ва арзон!
2. Салқиган кўзларга қарши чой халтачалари
Чой халтачаси салқиган ва шишган кўзлар учун ажойиб восита. Дастлаб аччиққина чой дамлаб, сўнг халтачаларни чиқариб олинг, сувини сиқиб совитинг. Шундан кейин уларни қовоқ устига 20—30 дақиқага қўйинг.
3. Тинчлантирувчи ниқоб
Болаларга таглик кийдиришдан аввал суриладиган, таркибида цинк бўлган крем юзида қизаришлар ва ҳуснбузар тошмалари бўлганлар учун қўл келади. Цинк оксиди яллиғланишга қарши хусусиятларга эга.
4. Юз учун спрей
Пуркайдиган идишга 2 чой қошиқ алоэ вера шарбати, 1 чой қошиқ E витамини, 1 чой қошиқ арган ёғи, тўрт томчи герани эфир мойи, 2 томчи иланг-иланг эфир мойи, 4 томчи ялпиз мойи ва 6 ош қошиқ Марокаш гулоби (атиргул суви)дан солинг.
5. Лабни катталаштириш учун восита
Вазелин ва долчин (корица) эфир мойидан оддий бальзам тайёрланг. Бироқ уни сургандан кейин лабларингиз бироз ачишиши мумкин.
6. Қора нуқталарга қарши восита
Бунинг учун вазелин, полиэтилен плёнка, матоли рўмолча ва қайноқ сув керак бўлади. Бурун устига вазелин суринг, сўнг бурунни плёнка билан ёпинг. Устига қайноқ сувга намланган рўмолчани қўйинг. Беш—олти дақиқа кутинг.
7. Юз учун тоник
Олма сиркаси терини яхши тозалайди ва яллиғланган ҳудудларни қуритади. Юзга суришдан аввал қўлингизнинг бир чеккасида синаб кўринг.
8. Соч учун ниқоб
Қуруқ ва “гуллаган” сочларни намлантиришда кокос ёғи асқотади. Уни сочга суринг ва 1—2 соатдан сўнг ювиб ташланг.
9. Лаб учун скраб
Лаб бўёғи лабга бир текис сурилиши учун, дастлаб унга скраб суриб, тозалаш керак. Бунинг учун зайтун ёғи ва шакарни аралаштирсангиз, кифоя!
10. Юз учун ниқоб
Ушбу ниқоб юз терисини намлантиришда ва юмшатишда ёрдам беради. 2 пиёла ошқовоқ пюреси, 4 ош қошиқ қатиқ, 4 ош қошиқ асал, 1/3 стакан майдаланган бодом, ¼ чой қошиқ зайтун ёғини аралаштириб, юзга суринг ва 5—10 дақиқага қолдиринг.
Мақолани тайёрлашда "Хитрости жизни" нашри маълумотларидан фойдаланилди.