Ярим тунда уйғониб кетдингиз ва устингиздан кимдир босаётганини сезасиз, лекин қимирлай олмайсиз ва гапиролмайсиз ҳам. Кимдир устингизга ўтириб олиб, қўл- оёғингизни тўшагингизга михлаб қўйгандай... Саросимага тушасиз, кўзингизга аллақандай нарсалар кўриниб, қулоғингиз остида ғалати товушлар янграй бошлайди. Буни халқ тилида "шайтон босиши" деймиз. Бу ҳолат нима ўзи?
Илмий тилда бу – уйқудаги фалажлик бўлиб, инсон мияси фаолиятида камдан-кам учрайдиган ғалати ҳодисаси ҳисобланади.
1. Уйқу фалажлиги Ер юзида яшовчи аҳолининг камида 8 фоизида юз берадиган ҳолат бўлиб, бунда қандайдир вақт оралиғида мушаклар қисқариши батамом тўхтайди.
2. Уйқу фалажлиги пайтида гапириш, оёқ-қўлни ишлатиш, ҳаттоки бошни қимирлатишнинг ҳам имкони бўлмайди. Бироқ бир маромда нафас олиниб, атрофдаги ҳодисаларни англаб турилади.
3. Уйқу фалажлиги асосан илк бор ўсмирлик даврда юз беради, кейинчалик 20-40 ёшгача тез-тез учраб туриши ва ёш улғайган сари давом этиб туриши ҳам мумкин.
4. Уйқу фалажлиги наслдан наслга ўтиши, аммо исталган инсон ҳаётида юз бериши ҳам мумкин. Унинг асосий сабаблари: уйқусизлик, қаттиқ ҳаяжон, кун тартибининг алмашинуви ва чалқанча (осмонга қараб ётган ҳолда) ухлаш.
5. Инсоният тараққиётининг турфа даврларида бу ҳолат турлича тушунилган. Қадимда одамлар буни шайтон ёки жин босиши, деб ҳисоблашган.
6. Уйқу фалажлигидан бир нечта ҳаракат йўллари билан халос бўлиш мумкин. Масалан: панжаларни қимирлатишга уриниб кўриш, қўлни мушт қилиб кўриш ёки йўталиб кўриш.
7. Уйқу фалажлиги мия уйғониб, тана ҳали уйқу ҳолатида бўлганда юз бериши мумкин.
8. Уйқу фалажлиги – энг қўрқинчли ҳолатлардан бири, у одамни ваҳимага солиб қўяди, аммо организм учун хавфсиздир. Шунга қарамай, унинг давомли юз бериши уйқу бузилишига олиб келиши мумкин.
9. Уйқу фалажлиги ухлашни бошлаганда ёки уйқудан уйғониш палласида юз бериши мумкин.
10. Уйқу фалажлигида атрофдан портлашга ёки гумбурлашга ўхшаш овозлар эшитилади.
11. Айрим ҳолларда қулоқ остида кимнингдир ваҳимали шивирлашлари, жаврашлар ёки қандайдир гаплар аниқ эшитилиб туради.
12. Яна айрим ҳолларда кимдир юқоридан қаттиқ босиши ёки бўғиши сезилади. Бунинг натижасида нафас олиш қийинлашади. Бундан тутқаноқ юз бериши ҳам мумкин.
13. Уйқу фалажлиги юз берганида ёши улуғларимизнинг таъкидлашларича, дуолар ўқиш, калима келтириб туриши ухлашдан аввал таҳорат олиш, ҳам яхши самара берувчи чорадир.
Агар бундай ҳолат тез-тез такрорланиб турса, шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Манба: Darakchi.uz