Баъзан тунги уйқумизда қўрқинчли туш кўриб уйғониб кетамиз ва бу тушнинг даҳшатли тафсилотларини анча вақтгача эсимиздан чиқаролмай юрамиз. Босинқираш деб аталадиган бу ҳолат нега учрайди? Қуйида босинқирашнинг баъзи сабаблари ҳақида сўз юритилади.
-
Ўткир зираворли овқатларни уйқудан олдин истеъмол қилиш
Уйқу тиббиёти соҳасидаги профессор Роберт Розенбергнинг фикрича, ўткир зираворлар қўшилган овқатлар модда алмашувини кучайтириб, тана ҳароратининг ошишига олиб келади, натижада бош мия фаолияти кучайиб кетади, инсон ухлаган ҳолатида ҳам миянинг бу фаоллиги пасаймайди ва ёрқин, даҳшатли тушлар кўришга сабаб бўлади.
-
Таркибида мелатонин тутган дорига ўхшаш воситаларни қабул қилиш
Шимолий Каролинадаги Уйқу институти директори Роберт Оксманнинг фикрига кўра, мелатонин уйқунинг туш кўриладиган фазасини узайтириш ҳисобига уйқу сифатини яхшилайди, инсонда уйқудан қониқиш туйғусини пайдо қилади. Лекин мелатонин ортиқча дозада қабул қилинганда босинқираш ҳолатига олиб келади, инсонда безовталик, жаҳлдорлик келтириб чиқаради.
-
Уйқудан олдин телевизор кўриш
Ухлашдан олдин таъсирли фильм ёки сериал томоша қилсак, эсда қоларли тушлар кўрамиз. Психолог Стив Орма айтганидек, тушларимиз бирламчи онгимизнинг маҳсулоти, шунинг учун ўқилган китоб ёки кўрилган фильмдан қанчалик қаттиқ таъсирлансак, уйқумизда бу таассуротларимиз қайта жонланаётгандек бўлади.
-
Баъзи дори воситаларини қабул қилишни тўхтатиш
Кенг тарқалган антидепрессант дориларни маълум вақт қабул қилиб, кейин тўхтатилганда, ёрқин, шиддатли, ҳатто даҳшатли тушлар кўрилади, бу ҳолат маълум вақтдан кейин ўтиб кетади.
-
Уйқу вақтидаги апноэ ҳолати
Апноэ — вақтинчалик нафас тўхтаб қолиши бўлиб, хуррак отувчи одамда баъзан кузатилиши мумкин. Апноэ ҳолатида бош мияда кислород танқислиги юзага келиши натижасида ҳаяжонли туш кўриш ва босинқираш ҳам юзага келади, дейди Розенберг. Агар сиз хуррак отувчилардан бўлсангиз ва 8 соат ухласангиз ҳам уйқудан худди чарчагандек бўлиб уйғонаётган бўлсангиз, уйқу бўйича мутахассисга мурожаат қилганингиз маъқул.
-
Бундан олдинги тунни ухламай ўтказиш
Розенбергнинг фикрича, уйқусиз тун натижасида бош мия уйқунинг тез фазаси, яъни айнан туш кўриладиган фазасининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади, бу эса тезкор ва ёрқин тушлар кўришга сабаб бўлади.
-
Сурункали стресс
Стресс ва давомли безовталик уйқу сифатининг ёмонлашишига олиб келади, уйқуда бош мия салбий таассуротларни таҳлил қилишда давом этади. Уйқунинг айнан тез фазасида, яъни туш кўриладиган фазасида миямиз энг кучли таассуротларни юзага чиқаради, деб ҳисоблайди Розенберг.
Манба: Daryo.uz