Ваннахона — уйдаги энг нам жой бўлиб, эртами кечми у ерда кир йиғилади ва ҳатто моғор ҳам пайдо бўлади. У ташқи кўринишни бузади, бундан ташқари оиладагиларнинг нафас олиш тизимига кучли зарар етказади.
Бу муаммони қандай ҳал қилса бўлади? Авваламбор, ваннадаги пардаларни мунтазам равишда ювиш ва тозалаб туриш керак. Биз бунинг учун биринчи навбатда табиий воситалардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.
- Истеъмол содаси турли хил микроорганизмларни тез йўқотади. 100 г содани 500 мл иссиқ сувда эритинг ва бу аралашмани пульверизаторга қуйинг. Чўтка ёки мочалка ёрдамида пардани тоза бўлгунча ишқалаб ювинг. Бир ойда икки марта такрорланг.
- Сирка ва қарағай эфир ёғи пардани тозалайди ва унга ёқимли ҳид бағишлайди. 120 мл сирка ва 120 мл сув, 2 ош қ. сода, 25 томчи қарағай эфир ёғи аралашмаси билан пардани қўлда тозаласангиз ҳам бўлади.
- Олма сиркаси ва оқартирувчи восита ваннадаги парданинг доғларини осон тозалайди. Кир ювиш машинасига 125 мл олма сиркаси ва 60 мл суюқ оқартирувчи восита солинг. Пардани совуқ сув режимида ювинг, кейин эса қуёшда қуритинг.
- Сут билан туз душдаги оқ пардаларни тозалашга ёрдам беради. 500 мл совуқ сутни катта идишда шундай миқдордаги сув ва 1 ош қ. ош тузи билан аралаштиринг. Бу аралашмада пардани 2 соат давомида ивитиб қўйинг, кейин чўтка билан ишқаланг ва одатдагидек совуқ сувда чайқанг.
- Лимон шарбати моғорни тез кетказади ва пардага ёрқин ранг беради. Беш дона лимоннинг шарбатини сиқиб олинг, уни 1 литр иссиқ сув билан аралаштиринг ва пардани бу аралашмага солиб қўйинг. 20 дақиқадан сўнг оддий кир ювиш воситаси билан ювинг.
Манба: Daryo.uz