Миямизни доим ишлашга мажбурласак, хотирамиз мустаҳкамланади!
Кўпинча инсон эшитган нарсасининг 30 фоизини 20 дақиқадан сўнг, 50 фоизини эса ярим соат ичида унутар экан. Бу ҳолат эса барча учун ноқулайлик туғдириши табиий. Агар сиз ҳам хотирангиз сусая бошлаганини сезсангиз, қуйидаги тавсиялар ёрдамида уни мустаҳкамлашингиз мумкин...
1.Турли машқлар.
Кроссвордларни ечиш, ақлий ҳисоблаш, мантиқий мисолларнинг жавобини топиш, шеър ёдлаш, чет тилларин ўрганиш – буларнинг барчаси мияни ишлатишнинг энг самарали усуллари ҳисобланади. Бу машқларни мунтазам бажариб турсак, хотирамиз анчагина яхшиланади.
2. Узум шарбати.
Агар овқатланиш рационимизга узум шарбатини қўшсак, хотирамиз фаолияти 20 фоизга яхшиланади. Фақатгина бу қора узум бўлиши керак. Бу шарбат таркибида мия ҳужайраларини ёшартирувчи жуда кўп антиоксидантлар бор.
3. Жисмоний фаоллик.
Пиёда юриш, майда қадамлар билан югуриш, рақсга тушиш - бу ҳаракатлар танани чиниқтириб, хотирани мустаҳкамлайди. Бундай фаол ҳаракатлар миямизга кислород кўпроқ миқдорда боришини, ёдда сақлаш кучайишини таъминлайди, янги клетчаткалар очилади.
4. Суҳбатлашиш, мулоқот.
Кимнингдир телефон рақами, манзили, исмини овоз чиқариб такрорласак, миямиз бу маълумотларни ёзиб олишдан кўра тезроқ қабул қилади.
5. Уйқу
Яхши уйқу – саломатлигимиз гарови. Мириқиб, хотиржам ухлайдиган одамлар узоқ умр кўришади. Уйқу вақтида организмимиз бўшашади, эркин бўлади. Бундан ташқари, уйқу вақтида танада ёшартирувчи гормонлар ишлаб чиқарилиши кучаяди. Тиниқиб ухлайдиганлар уйқусизликдан қийналадиганларга қараганда маълумотларни 2 марта кўпроқ ёдда сақлаб қолади.
6. Ҳордиқ
Мириқиб ҳордиқ чиқариш, уқалаш ва шунга ўхшаш машғулотлар диққатни жамлашга ёрдам беради. Ва натижада хотира ҳам яхшиланади.
7. Кўзлар учун машқ.
Агар ҳар куни эрталаб кўзларимизни у ёқдан бу ёққа 30 сония давомида ҳаракатлантирсак, хотирамиз 10 фоизга яхшиланади. Бу тан олинган факт. Бу усул миямизнинг иккала ярим шари бир-бири билан уйғунликда ишлашига имконият яратади.
8. Овқатланиш.
Соғлом ва тўғри овқатланиш кучли хотирага эга бўлишга имкон беради. Бунинг учун антиоксидантларга бой бўлган брокколи карами, исмалоқ, турли ёнғоқлар, цитрус мевалар, лавлаги, узум, қора олхўри каби маҳсулотларни доимий равишда истеъмол қилиш лозим.
9. Витаминлар.
Бу борада В витамини энг зарури. Витамин В12 етишмаслиги натижасида хотира сусайиши ёки йўқолиши ҳам мумкин экан. Таркибида юқоридаги витаминлар бўлган балиқ, гўшт, товуқ гўшти кабиларни истеъмол қилиш миянинг яхши ишлашига ёрдам беради. С ва Е витаминлари ҳам хотира учун зарур. Атеросклерозга чалинмаслик учун турли ёғлар, маргарин, сариёғни камроқ истеъмол қилишимиз керак. Бир суткалик истеъмол қилинадиган ёғ миқдори 90 г.дан ошмаслиги лозим.
Манба: Darakchi.uz