Биласизми?

Янги ўқув йилидан бошлаб талабалар онлайн тарзда ўқитилади​

2018/19 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида махсус сиртқи бўлим талабалари учун дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади. Бу ҳақда Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари,  масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади.

«​Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 930-сон қарорида сиртқи ва кечки таълим талабалари учун масофадан туриб таълим бериш белгиланган. Жорий этилган онлайн ўқитиш курс платформаси мазкур қарорни амалиётга татбиқ қилишда катта аҳамиятга эга»​, дейди марказ вакили.

Маълум қилинишича, бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масофавий таълимни амалга оширишнинг навбатдаги босқичида олий таълимнинг сиртқи ва кечки таълим учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Сиртқи ва кечки таълим дарсликлари ҳам босқичма-босқич онлайн ўқитиш тизимига ўтказилиб борилади.

Марказ вакилининг таъкидлашича, онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августда «​Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»​ги  ПҚ-3183 сонли Қарори асосида 15 та олий ўқув юртида 8 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилганди.