Туғишдан кейин аёлларда эрига талпиниши (жинсий алоқага муносабати)
Кўпчилик эркакларга аёлларда ҳомиладорлик ва эмизиш билан боғлиқ баданидаги ўзгаришлар ёқади. Аёлларда эса туққандан кейин эрига нисбатан талпиниш (жинсий алоқага эҳтиёж) пасайиб кетади. Бунинг сабаби нима экан?
Бу муносабат, аслида куни билан бола билан овора бўлган онанинг чарчаганидан келиб чиқади. Жинсий алоқа ҳақида ўйлаш у ёқда турсин, "тезроқ болам ухласа-ю, мен ҳам тўйиб ухлаб олсам" деган фикр устун бўлиб қолади. Агар эр уй юмушларининг бир қисмини ўзига олиб, болани парвариш этишда хотинидан ёрдамини аямаса, бундан ўзи ҳам ютган бўлади. Аёллар эса бироз бўлсада эрига аҳамият беришга, ўзида, уйда романтик ҳолатни яратишга ҳаракат қилмоғи лозим. Албатта ётоғингизни ҳамма бурчагида кир пелёнкалар ва памперслар ёйилиб ётса, жинсий алоқа учун етарлича шароит бўлмайди. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, аёлларда эмизиш даврида жинсий органларидан жинсий алоқани юмшатувчи махсус суюқлик чиқиши сустлашади. Бу эса эркаклардан янада катта сабр ва меҳрни талаб этади. Агар эркакнинг барча ҳаракатлари ҳам аёлда лаззатланиш имкониятини яратувчи суюқлик ажралишига олиб келмаса, у ҳолда сотувда мавжуд бўлган махсус любрикантлардан фойдаланиш мумкин.
Туғишдан кейин кўкрак ҳолати
Туққандан кейин кўкрак гормонал ўзгаришлар туфайли анча ўзгаришларга дуч келади. Унинг жисмоний ҳолати ҳам ўзгариб каттароқ бўлиб қолади. Эмизиш даврида бемалол жинсий алоқага киришиш мумкин. Иложи борича, жинсий алоқани эмизишдан кейин ёки сутни соққандан кейин амалга оширмоқ лозим. Шунда кўкракда сут миқдори кам бўлиб, алоқа жараёнида тўкилиши кузатилмайди. Шуни унутманг, сизнинг аёллик гўзаллигингиз айни она бўлганингизда очилади.
Туғишдан кейин ҳомиладорликдан сақланиш
Эрингизни севиб, севилаётган пайтингизда унутманг: эмизикли аёл бўлишингизга қарамай, ҳомиладор бўлиб қолиш хавфи доим мавжуд. Агар барвақт ҳомиладор бўлишни истамасангиз, у ҳолда қуйидаги қоидаларга амал қилинг:
- Эмизишни кунига камида 7-8 марта амалга оширинг. Айниқса кечаси, ухлаш пайтидаги эмизишларни йўқ қилманг;
- Агар туққандан кейин ой кўрган бўлсангиз, у ҳолда ҳомиладор бўлиш хавфи ортади;
Бу икки қоида туққандан кейин 6 ой ичида ўз сақлаш қобилиятини намоён қилиши мумкин. Олти ойдан сўнг бу хусусият йўқолиб, эмизишга ва ой кўрмаслигингизга қарамай ҳомиладор бўлиб қолишингиз осон бўлади.
Статистик маълумотларга қараганда, эмизикли аёлларда ҳомиладор бўлиш хавфи паст бўлади, лекин амалда барибир ҳомиладор бўлиб қолганлар кам эмас. Шунинг учун, агар барвақт ҳомиладор бўлишни истамасангиз, қўшимча сақланиш усулларидан фойдаланинг.
Эмизувчи аёллар учун сақланиш усуллари
Агар олдин сақланишнинг календар усулидан (овулятсия кунларини аниқлаб у кунлардан бошқа пайт жинсий алоқага киришиш) фойдаланган бўлсангиз, бу усул туққандан кейин мутлақо мос келмайди. Чунки туққандан сўнг ой куни қачон келишини, унинг узунлигини ва давомийлигини аниқлаш учун бир неча ой талаб этилади. Биринчи ўринда сақланиш усулига презервативлар киради. Бу энг оддий ва энг хавфсиз сақланиш усули ҳисобланади. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда сақланиш дориларини ҳам истеъмол қилиш мумкин. Лекин кўп ҳолларда, бу дорилар таъсирида сут камайиб кетиши кузатилади. Сақланиш усулларидан яна бири - бу спирал. Уни туққандан сўнг 8-ҳафтада бачадонга ўрнатилади. Янги бир сақланиш усули бу имплантлар. Имплантни тери остига жойлаб (укол ёрдамида) 3 ойга ҳомиладорликдан сақланиш таъминланади. Свеча, пластир, махсус қопқоқлар ҳам мавжуд бўлиб, улар бир оз қимматлиги билан ноқулайлик туғдиради.
Энг асосийси, сиз ўз оилангизга мос усулини танлаб, эр ва хотин орасидаги муносабатингиз туққандан кейин янада гўзаллашишини ва такомиллашиб боришини, бахтли ҳаёт учун таъминланг.