Саломатлик

Ёғли сочлардан халос бўлиш усуллари ва фойдали тавсиялар

Иссиқ об-ҳаво шароити, чанг ва ҳаводаги заҳарли кимёвий моддалар, танадаги гормонал меъёрнинг бузилиши, бактерия ва хавфли замбуруғлар бош ва сочнинг ёғланишига олиб келади. Гарчи, бизни ноқулай аҳволга солса ёки сочимизнинг жозибасини ўғирлаб қўйса ҳам, сочнинг ёғланишига қарши  кураш у қадар қийин эмас. Қуйида уй шароитида, табиий усулларда сочни бу муаммодан халос этиш амаллари билан сизни таништирамиз.

  1. Помидор шарбати

Помидор сувида терини тозалаш ва тўйинтириш хусусиятига эга pH моддаси мавжуд. Бу шарбатни бош ва сочга яхшилаб суриб, бир неча дақиқа уқалаб, 20-30 дақиқа қолдирган, кейин жуда ўткир бўлмаган шампунь билан ювган маъқул. Мазкур муолажани ҳафтада 2 марта амалга оширинг.

  1. Озиқ-овқат содаси

Озиқ-овқат содаси сочдаги нохуш ҳидга қарши курашиб, ёғлилик миқдорини кескин камайтиради. Ҳар 3 чой қошиқ сувга 1 чой қошиқ озиқ-овқат содаси солиб, аралаштиринг. Тайёр пастани сувда чайилган сочга суртинг. Сўнгра 5 дақиқа дам бериб, сувда чайинг. Бу муолажани ҳафтада 1 маротаба қўллаган мақсадга мувофиқ.

  1. Олма сиркаси

Олма сиркаси соч учун зарур бўлган pH витамини билан таъминлаб, янада жилокор ва ёрқин бўлишига хизмат қилади. Олма сиркаси бош терисини тозалаб, ҳид чиқарувчи барча элементларни йўқ қилади. Бир чой қошиқ сувга 2 чой қошиқ миқдорида олма сиркаси қўшиб, тайёр суюқлик билан бош ва сочни чайинг. Бир неча дақиқадан сўнг бошни ювинг. Худди шу суюқликка атиргул, лаванда ёки бошқа ўсимлик мойларини қўшиб, тайёр бўлган суюқликни сочга пуркаш ва бир неча дақиқадан сўнг ювиб ташлаш ҳам сочдаги ёғлилик даражасини камайтиради.

  1. Лимон шарбати

Лимон шарбати ҳам тери, ҳам соч учун бениҳоя фойдали хусусиятларга бой. У сочни нафақат қазғоқдан тозалайди, балки сочни силлиқ ва нафис кўринишга келтириб, унга хушбўйлик ҳам бағишлайди. Лимон шарбати бош терисидаги инфекцияларга ҳам қарши фойдали восита.

Икки дона лимонни бир стакан сувга аралаштириб, шампунь билан ювилган сочни мазкур шарбат билан чайинг. Бир неча дақиқалардан кейин сочни ювинг. Бу фойдали муолажани ҳафтада 1 ёки 2 маротаба қилсангиз бўлади.

Агар бошингизда замбуруғли инфекциялар бўлса, бир дона лимон шарбатини бир пиёла қаттиққа аралаштириб, бошга суринг ва 30 дақиқадан кейин ювиб ташланг.

Лимон шарбатини турли ўсимлик мойлари билан ҳам аралаштириб, тунги уйқудан аввал бош ва сочга суриб, тонгда ювиб ташлаш ҳам фойдали. Бу муолажани ҳафтада 2-3 маротаба амалга оширинг.

  1. Асал ва долчинли малҳам

Асал ва долчинда бактерия ва бош терисидаги замбуруғларга қарши курашувчи витаминлар бор. 2 чой қошиқ қайнатилган сувга 1 чой қошиқ долчинни аралаштириб, 30 дақиқа дам беринг. Сўнг аралашмага 1 чой қошиқ асал қўшинг. Тайёр малҳамни бошга суриб, 45 дақиқа қолдиринг. Аввалига сув ва 10 дақиқадан сўнг шампунь билан ювиб ташланг.

  1. Зайтун мойи

Сочни ювишдан аввал зайтун мойи билан соч ва бошни уқалаш сочни ёрқинлаштириб, ундаги ҳиднинг олдини олади.

  1. Пиёз шарбати

Пиёз шарбати таркибида ҳам инфекцияларга қарши фаол курашувчи воситалар мавжуд. Пиёз шарбатини бош ва сочга суриб, 30 дақиқадан сўнг шампунь билан чайиб ташланг.

  1. Ароқ ёрдамида муолажа

Ароқ ёрдамида сочдаги ҳидлардан қутулиш ва сочни тезроқ ўсишга эришиш мумкин. Бир чой қошиқ ароқни ярим литр сувга қўшиб, ювилга сочга сепинг. Уни ювиб ташлаш шарт эмас. Ҳафтада бир маротаба ушбу муолажадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ёғли сочлардан халос бўлиш учун мунтазам сочни ювиш, ёстиқ ва сочиқни тез-тез алмаштириш, соғлом овқатланиш, кўпроқ сув ичиш, салицил органик ва сульфат кислоталарига бой бўлган шампунлардан фойдаланиш, пиёз ва саримсоқпиёз каби ўткир ҳидли маҳсулотлар истеъмолини камайтириш, сочни ювгач яхшилаб қуритиш, сочни ҳадеб тарайвермаслик тавсия этилади.