Чиройли кўринишга эга бўлиш ҳар бир аёлнинг орзуси ва мақсади. Биз ҳам доим ёш кўринишга интиламиз, бунинг учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Лекин, гоҳида оддий хатоларга йўл қўйиб, ўзимиз билмаган ҳолда ёшимизга ёш қўшамиз. Қуйида ушбу хатолар келтирилган.
Сўнгги урфда кийиниш. Қад-қомат ва ташқи кўринишни, олинаётган нарса ярашиш ёки аксинча, ярашмаслигини билмай, кўр-кўрона сўнгги урфдаги кийим-кечакларни харид қилиш сизга қимматга тушиш мумкинлигини биласизми? Дизайнерлар тавсия қилган кийимлар ҳаммага ярашавермайди. Шунинг учун кийим ҳарид қилишдан аввал, модага қараб эмас, унинг сизга ярашаётганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Жуда узун соч. Кўпчилик ҳаддан зиёд узун сочлар ёшни "қисқартиради" деб ўйлайди. Бу нотўғри фикр! Аслида узун сочлар ёшни билинтириб қўяди. Тўғри танланган калта соч турмаги эса, аксинча, ёшартиради.
Ҳаддан зиёд бўялган кўзлар. Ёшликда 2-3 хил бўёқлардан фойдаланиб бўялган кўзлар чиройли кўринади, лекин ёш ўтиши билан бундай услубда бўялган кўзлар, кўз остидаги ажинларни "сотиб" қўяди. Шу сабабдан ёш ўтган сайин кўз пардози учун нейтрал ранглардан фойдаланиш тавсия этилади.
Нотўғри ўлчамли кийимлар. Баъзан ортиқча вазн муаммосига учраган аёлларнинг айримлари ўзини ҳурсанд қилиш учун кичик ўлчамли кийим ҳарид қилишса, айримлари 2-3 маротаба ўлчами катта "халтасимон" кўйлаклар сотиб олишади. Ҳар иккала вазиятда ҳам сиз вазнингиз ҳисобига анча катта кўринасиз. Ўзингизга нисбатан танқидчи бўлишга ҳаракат қилинг, доим тўғри ўлчамдаги, ўзингизга мос келадиган кийимлар ҳарид қилишга ўрганинг.
Тўқ рангли лаб бўёғи. Тўғри, тўқ рангли лаб бўёқлари ҳеч қачон урфдан чиқмайди, аммо ёш ўтган сайин бундай лаб бўёқларидан иложи борича камроқ фойдаланган маъқул. Чунки бундай лаб бўёқлар юзни қўполлаштириб, қаритади. Бундан ташқари, тўқранг бўёқлар лаб атрофидаги ажинларни билинтириб қўйиши ҳам мумкин.
Ёшлар кийими. Шу нарса ёдингизда бўлсинки, ёш кўриниш учун ёш қизлар киядиган кийимларни кийиш шарт эмас. Бундай кийимлар ташқи кўринишингизни ёшартириб кўрсатиш ўрнига, сизни ноқулай ахволга солиши мумкин. Сиз бундай ташқи кўриниш билан кулгига қолишингиз хеч гап эмас. Шундай экан, ёш кўринишга эмас, яхши кўринишга интилиш мақсадга мувофиқ. Доим танлаётган кийим-кечак ва тақинчоқларингиз ҳар томонлама сизга ярашишига ишонч ҳосил қилинг. Манба: Beka.uz