Саломатлик

Йўтални уй шароитида даволаш усуллари

Йўтал кишига нафақат ноқулайлик туғдириши, балки унинг ҳаётига хавф ҳам солиши мумкин. Кўпинча касалликка “ҳамроҳлик” қилувчи бурун оқиши ва иситма кабилардан қутулиш осон бўлади, йўтал эса узоқ вақт давомида сақланиб қолиши мумкин.

Йўтал — одам организмининг кимёвий ёки бактерияли безовталикка (қичишишга) жавобан табиий реаксиясидир. Одам димоғида ҳар суткада нормал равишда нафас олиш учун зарур бўлган 2—2,5 мл шиллиқ ажратувчи кичик безлар жойлашган. Аллергик реаксия ёки юқори ҳарорат натижасида ушбу шиллиқ қуюқлашиб, намликка айланади. Намлик ёпишқоқ болгани учун нафас олиш ёлларидан эркин чиқиб кета олмайди. Шу сабабли рефлекс ишлаб кетиб, организм бронхларни ортиқча шилимшиқдан тозаламоқчи бўлади. Шу рефлекс йўталдир.

Йўтал ҳўл ва қуруқ бўлиши мумкин. Бронхит, фарингит, бронхиал астмага, одатда қуруқ йўтал ҳамроҳлик қилади, яъни намлик ажралиб чиқмайди.

Нима бўлганда ҳам, йўтал самарали бўлиши, яъни ўзининг ортиқча нарсаларни нафас йўлларидан чиқариш функсиясини бажариши керак. Шу туфайли қуруқ йўтални ундан қутулиш ёки уни ҳўл йўталга айлантириш орқали даволаш лозим.

Йўталганда намлик ажралиб чиқса, унинг характери ва рангига эътибор бериш зарур. Бронхиал астмада намлик рангсиз бўлса, нафас йўлларидаги бактерияли инфексияларда сарғиш-яшил, юрак фаолиятидаги етишмовчиликда эса занг рангида, бронхлар пневмониясида эса йирингли бўлади.

2

Қуруқ йўтални даволашда илиқ ишқорли ингалятсиялар, қизилмия, туятовон ва гулхайри дамламалари ёрдам беради. Дамлама ва қайнатмаларни суткада бир неча марта ярим стакандан ичиш лозим.

Йўтал ҳўл бўлганида эса намликни суюлтириш зарур бўлади, шунда у нафас йўлларини осонроқ ва тезроқ тарк этади. Шу билан бирга, намлик қайта ва қайта ажралиб чиқмаслиги учун унинг сабабларига қарши курашиш лозим. Ўткир нафас йўллари касалликларида йўталга қарши дорилар тайинланади, бронхит ёки пневмонияда эса биринчи ўринда антибиотиклар билан даволаш керак бўлади.

Бундан ташқари, халқ табобатида йўтални даволашнинг кўплаб усуллари бор. Уларнинг баъзилари билан қуйида таништириб ўтамиз:

3

  • Турпни қирғичдан чиқариб, сувини дока орқали сузиб олинг. Уни асал билан аралаштириб, кечқурун ухлашдан олдин ва овқат олдидан 2 ош қошиқдан истеъмол қилинг.
  • Сабзи шарбатини чиқариб, уни тенг миқдорда сут билан аралаштиринг. Ичимликни кун давомида 5—6 марта қабул қилинг.
  • Ярим килограмм пиёзни майдалаб, 400 грамм шакар билан аралаштиринг ва 1 литр сувга солиб, 3 соатча қайнатинг. Бироз совигач, 50 граммча асал қўшинг. Суюқликни овқатдан кейин кунига 4—6 ош қошиқдан ичинг.
  • Икки бош пиёзни майда тўғраб, 1 стакан сутга солиб қайнатинг. 4 соатча тиндириб қўйгач, сузиб олинг. Уни ҳар 3—4 соатда 1 ош қошиқдан ичиб туринг.
  • Бир бош саримсоқ пиёз ва оддий пиёзни майда тўғраб, сутда қайнатинг, сўнг асал қўшинг. Қайнатмани қуруқ йўтал қийнаганда ҳар соатда 1 ош қошиқдан истеъмол қилиш зарур.