Маданият

Юз териси парваришининг баҳорги 8 қоидаси!

Қиш фасли юз териси учун оғир мавсум саналади. Бироқ изғиринли кунлар қолдирган изларни баҳорда йўққа чиқариш имконияти йўқ эмас. Бу борада сизга тақдим этаётган 8 маслаҳатимиз асқотиши шубҳасиз.

1-маслаҳат: Таомномага эътиборли бўлинг!

Тери саломатлиги ва гўзаллигининг асосларидан бири таомномамиздир. Қишдан толиқиб чиққан организмга сабзавот, мева ҳамда кўкатларга бой парҳез билан осонгина куч-қувват баҳш этиш мумкин. Бу егуликлар таркибидаги витамин ва минераллар иммунитетни кўтариш билан бирга, терининг кўринишини ҳам яхшилайди. Бироқ меъёрни аниқ олмасангиз, аллергик реакциялар кузатилиши мумкин. Шунингдек, туз, ширинлик ва қовурилган маҳсулотлардан узоқроқ бўлинг. Эрта тонгда бир стакан илиқ сув ичиш ёдингиздан чиқмасин, яна кун давомида истеъмол қиладиган суюқликлар миқдори 2 литрдан кам бўлмаслигига ҳам аҳамият беринг.

2-маслаҳат: Қуёшдан ҳимояланинг

Теримиз баҳорда ультрабинафша нурларига сезувчан бўлади. Узоқ муддат кўклам қуёшида юрсангиз, тери куйиши, сувсизланиши, ажин тушиши каби салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Шу боис қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг. Одатда баҳор фаслига SPF 15–30 кремлари тавсия этилади. Юзида сепкили борларга эса SPF 50 кремлардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.

3-маслаҳат: Тозалик муҳим!

Юз терисини тозалаш йилнинг ҳар қайси фаслида ҳам парваришлашнинг муҳим босқичи саналади. Баҳорда бунинг учун молочко, гель, тоник ва лосьонлардан фойдаланган маъқул. Косметик пардоз воситаларини қўллайсизми-йўқми, барибир, кунига икки маҳал юзни ювиш лозим. Оддий сувдан кўра, шифобаҳш ўтлар дамламаси ёки минерал сувда чайиш тавсия этилади. Шунингдек, юз таранглигини оширишга эрталаб юзни муз бўлакчалари билан уқалаш ёрдам беради.

4-маслаҳат: Намлантиришни унутманг!

Қиш об-ҳавоси юз терисини қуритади. Тери қават-қават бўлиб кўча бошлайди. Юзни соғлом кўринишга келтириш учун турли кремлардан фойдаланса бўлади. Шунингдек, уй шароитида ҳам табиий намлантирувчи воситалар тайёрлаш мумкин. Энг осон самаралисини сизга таклиф этамиз: 1 ош қошиқ қуритилган мойчечак гулини 200 мл қайнаган сувга дамлаб, тиндиринг. Сўнг докадан ўтказиб, пахтали тампон ёрдамида юзни артинг. Терини тинчлантириш ва юмшатиш хусусиятига эга мазкур ниқобни бир хафтада 2-3 марта тайёрлаш мумкин.

5-маслаҳат: Сепкил ва доғларни яширинг

Баҳорнинг қуёши юздаги сепкил ҳамда доғларни янада тўқроқ кўринишига сабаб бўлади. Айрим ҳолларда эса катталашиб ёки кўпаяди ҳам. Яхшиси қуёшининг нури терини куйдирмасидан аввал қуйидаги муолажа бажаринг. Ниқобни тайёрлаш учун 100 гр ер қалампир (хрен) илдизини иссиқ сувда ювиб, сўнг гўшт қиймалагичдан чиқаринг. 1 чой қошиқ ун билан аралаштириб, юзингизга юпқа қилиб суртинг. 15-20 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайинг. Бу муолажани ҳафтасига 2 марта кечки пайт такрорланг.

6-маслаҳат: Мунтазам озиқлантиринг

Ҳар қайси турдаги юз териси учун мос келадиган оддий ниқобдан фойдаланиб кўринг. Яримта бананни санчқида эзиб, намланган юз терисига суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб олинг. Мазкур ниқоб юз терисини озиқлантириб, намлантиради. Ундан бир ҳафтада 2 маротаба фойдаланиш ёдингиздан чиқмасин.

7-маслаҳат: Дам олинг

Ҳордиқ чиқариш, тўлиқ уйқу ва тоза ҳавода сайр қилиш нафақат бутун организмга, балки юз терисининг гўзал кўриниши учун ҳам муҳим саналади. Бўш вақтингиз пайдо бўлдими, ундан унумли фойдаланинг. Сут, кўк чой билан юзни артиш, бодрингли ниқоб кўп ҳам вақтингизни олмаслиги аниқ.

8-маслаҳат: Витаминлар қабул қилинг

Бунинг учун аввал косметолог-дерматолог ва терапевт кўригидан ўтиш тавсия этилади. Баҳорда тери учун А (терини юмшатиб, тинчлантиради), D (тери рангини тиниқлаштиради), С, Е ва PP (тери қаришини олдини олувчи антиоксидантлар) дармондориларини қабул қилиш тавсия этилади. Е витамин эса пигмент доғлар ва сепкиллар пайдо бўлишига йўл қўймайди. Бироқ уларни қабул қилиш учун шифокорингиз рухсат бериши лозим.

Дилноза тайёрлади.

Манба: Darakchi.uz