Маданият

Алвон лабларнинг 7 сири

Кўпинча парвариш қилишда асосий урғуни юзимизга қаратамиз-у, лабларни унутиб қўямиз. Лаб териси ҳам худди кўз ости териси сингари жуда но­зик, алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Тиниқ, силлиқ ва алвон ранг лаблар саломатлик белгисидир. Аммо витамин етишмаслиги ёки шамоллаш оқибатида лаблар қуруқшаб, ёрилиши ва ҳатто қонаши ҳам мумкин. Ма­на шундай ҳолатларда нима қилиш керак? Азиз бекажон, бир нечта фойдали маслаҳатларимиз сизлар учун!

Қуруқшаган лабларни юмшатиш учун кўчага чиқишдан ярим соат олдин бирор турдаги ўсимлик мойидан суртинг. Вақт ўтгач, қоғоз салфетка ёрдамида ёғнинг ортиқчасини шимдириб олинг (ювиб ташламанг) ва севимли лаб бўёғингизни суриб ишга отланаверинг. Шунингдек, бу муолажани кечки уйқудан олдин такрорласангиз ҳам бўлади, фақат сурилган ўсимлик мойини эрталабгача ювмаслик тавсия этилади.

Юмшатувчи ва озиқлантирувчи ниқоб: 0,5 чой қошиқ ёғли творогни 1 чой қошиқ қаймоқ билан аралаштириб, ҳосил бўлган массани лабларингизга суринг ва 10-15 дақиқадан сўнг ювиб ташланг. Муолажадан сўнг вазелин ёки гигиеник лаб бўёғи суринг. Қаймоқ ўрнида ўсимлик ёғи, сут, сабзи ёки лавлаги шарбатидан фойдалансангиз ҳам бўлади.

Тез-тез қуруқшаб, териси арчилишга мойил лаблар учун асалли ниқоб жуда самарали натижа беради. Лаб терисига ҳар куни эр­талаб ва кечқурун асал суришни канда қилманг. Бу нафақат соғлом кўриниш бахш этади, балки лабларингизнинг табиий рангини ҳам қайтаради.

Бахтга қарши лабларимизнинг силлиқлиги ва нафислиги ҳар доим ҳам сақланиб қолавермайди. Шамоллаш ва турли ташқи омиллар таъсирида лаб териси ўз жозибаси ва таранглигини йўқотиб боради. Ингичка лаблар янада ингичкалашиб, қуруқлашади. Йиллар ўтиши билан сўлғинлашиб, лаб бурчаклари пастлашиб боради ва юз ифодаси ҳам шунга кўра хафақон кўринади.

Нима бўлганда ҳам ҳар кунги бир неча дақиқалик машқлар лаблар таранглигини озмунча узайтиради.

Лабларни тиш чўткаси ёрдамида уқалаш ҳам яхши натижа беради. Тоза тиш чўткасига бироз асал ёки сариёғ суриб енгил ҳаракатлар билан 1-3 дақиқа майин уқаланг. Муолажани кунора такрорлашни канда қилманг.

Чуқур нафас олиб, лунжингизни ҳавога тўлдиринг ва секинлик билан "П" товушини ифода этган ҳолда оғиз бўшлиғидаги ҳавони узиб-узиб (п… п… п…) ташқарига чиқаринг. Машқни 5-7 марта такрорланг.

Лабларингизга бўёқ сургандай тасаввур қилинг ва 5-10 дақиқа бир-бирига қаттиқ жипслаштирган ҳолда тутиб туринг. Машқни 4-5 марта такрорланг.

Мойчечак дамламасига нам­ланган докани 10-15 дақиқа лабларингизга компресс қилиб қўйинг. Оғиз бўшлиғини шу дамламада чайиш шамоллашларни бартараф этиши мумкин. Шунингдек, қайноқ сувга "ўлдириб" олинган ялпиз баргларини лабда 10-20 да­қиқа тутиб туриш ҳам сиз кутган натижаларни беради.

Энг муҳими, тез-тез табассум қилинг! Бу ҳам энг содда, ҳуснингизга янада жозиба бахш этувчи фойдали муолажа ҳисобланади.

Манба: Beka.Uz