Оиладаги ўзаро муносабатлар мураккаб ва турли-тумандир. Шунга қарамасдан, ҳар биримиз оиламизда бахт ҳукмрон бўлишини истаймиз. Бахт ва фаровон турмуш ҳақида қанчалик кўп ўйласак, у шунча кўпроқ ҳаётимизда акс этади. Кўпинча оилавий бахт айнан аёлларга боғлиқ бўлади. Айнан улар эркакларни йўналтиради ва оилавий ҳаётни ёқимли, турли-туман ва бахтли қилади.
Айнан аёл донолиги никоҳни муваффақиятли ва давомли қила олади.
Агар муносабатларингиз омадли ва бахтли давом этишини хоҳласангиз ўз устингизда бироз ишлашингизга тўғри келади. Баъзи муҳим қоидаларни доим ёдда тутишга ҳаракат қилинг.
Бахтли оилавий ҳаётнинг асосий қоидалари:
- Ҳар бир аёл табассум қилганда бутунлай ўзгаради
Турмуш ўртоғингизга тез-тез табассум ҳадя этинг, у сизнинг кўзларингизда қувонч ва бахтни кўрсин. Шунда у сизнинг бирга яшашдан бахтли эканлигингизни ҳис этади. Оилавий ҳаёт ҳар доим ҳам осон кечмайди, бироқ ҳамма нарсадан ижобий томонини қидиришга ҳаракат қилинг ва жуда чарчаб кетган пайтда ҳам жилмайишга куч топинг.
- Унинг муаммоларига эътиборли бўлинг, кўпроқ тингланг
Эркаклар уларни тинглашларини яхши кўради ва сиз билан барча воқеаларни бўлиша бошлайди. Мураккаб вазиятларда сиз уларнинг, улар эса сизнинг суянчингизга айланади. Турмуш ўртоғингиз доим сизга ишонсин, шубҳаланиши учун асос бўлмасин.
- Уйда биринчи бўлишга интилманг
Эркакларнинг аксарияти уларга овоз кўтарганни ёки буйруқ берганни ҳазм қила олмайди. Уларнинг бирор камчилигини юмшоқ оҳангда, болалар ва бегоналар олдида камситмасдан баён қилинг. Унинг фикрини тез-тез маъқуллаб туринг. Турмуш ўртоғингиз ўзини хўжайин эканлигини ҳис қилсин. Агар бирор фикрга қўшилмасангиз, ўз қарашларингизни маълум қилинг, бироқ уларни бажарилиши мажбурий қоидаларга айлантирманг. Бироз вақтдан сўнг у сизнинг ҳақ эканлигингизни тушуниб, ўзи фикрингизни маъқуллаши мумкин.
- Дўстлар ва танишларга муаммоларингиз ҳақида ҳикоя қилманг
Барча баҳс-мунозараларни фақат оиланинг ичида ҳал қилишга интилинг. Оилангиз - бу сизнинг ўчоғингиз, ундаги муаммоларни бошқалар билан бўлишманг. Ҳеч ким сизни ва эрингизни сизчалик билмайди, шунинг учун бошқалардан маслаҳат сўрашга шошилманг. Муаммоларни тинчланган ҳолда эрингиз билан мустақил равишда ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Бахтли оилавий ҳаёт, ундаги хафагарчиликлар ва тушунмовчиликлар билан фақат сизга тааллуқли бўлиши лозим, ён-атрофдаги танишлар ва қўшниларга эмас.
- Катта ёшдаги эркак кишини қайтадан ўзгартиришнинг иложи йўқ
Шунинг учун унинг баъзи жиҳатларини ўзгартиришдан кўра, уларга кўникиш осонроқ. Сиз уларни ўзгартиришга ҳаракат қилиб, фақат асабларингиз ва кайфиятингизни бузишингиз мумкин, лекин ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Энг яхши усул хотиржам вазиятда ундан нимани илтимос қилаётганлигингизни тушунтириш ва бунинг сабабларини асослаб беришдир. Буни эрингиз ишдан чарчаб ва оч қолиб келган пайтда эмас, у сизни тинглай оладиган вақтда амалга оширинг. Чунки ишдан чарчаб қайтган эркак пайпоғи ва шимини қаерга жойлаштириш ҳақидаги насиҳатларга эмас, сизнинг эътиборингизга муҳтож бўлади.
Бахтли оилавий ҳаёт ўз қўлингизда эканлигини унутманг!
Мақолани тайёрлашда "Мы и семья" сайти маълумотларидан фойдаланилди.