Саломатлик

Авитаминозга қарши курашишда ёрдам берадиган маҳсулотлар

Баҳор ва авитаминоз — бу деярли синонимлар. Қишнинг совуқлари, шамоллаш касалликлари ва қуёш нурлари етишмаслигидан одам организми фойдали моддалар танқислигини чуқур ҳис этади. Ёз фаслига эсон-омон етиб олиш  учун бу етишмовчиликни тўлдириш талаб қилинади.

C витамини

Аскорбин кислота энг муҳим витаминлардан бири ҳисобланади. C витамини иммунитетни мустаҳкамлайди, организмнинг ҳар хил инфекцияларга ва касалликларга қаршилигини оширади, стресс ва депрессия белгиларига қарши курашади.

Маҳсулотлар: цитруслилар, тузланган карам, наъматак, киви, қора смородина, булғор қалампири, карамнинг ҳамма турлари, яшил нўхат, қулупнай, малина, кўк пиёз, чаканда (облепиха), исмалоқ.

D витамини

Бу витаминни «қуёшли» деб ҳам айтишади. У асосан қуёш таъсирида, тери остида холестериннинг синтезланиши натижасида ишлаб чиқилади. D витамини организмга кальцийни сингдиришда, суякларни ва тишларни мустаҳкамлашда ёрдам беради.

Маҳсулотлар: балиқ мойи, икра, қизил балиқ, тухум сариғи, жигар, қаймоқ, сарёғ, сут ва сут маҳсулотлари.

А витамини

Баҳор фаслида албатта А витаминига эътибор қаратиш лозим. Организмда бу витамин етишмаслиги кўришнинг ёмонлашишига, тери қуруқлашишига олиб келади.

Маҳсулотлар: сабзи, ошқовоқ, лавлаги, крапива, помидор, маккажўхори, қизил қалампир, ўрик, жигар.

Манба: Daryo.uz