Маданият

Аёлларимиз риоя қилиши керак бўлган баъзи этикет қоидалари

Бугун аёлларимиз нафақат пазанда уй бекаси, ёки меҳрибон она, балки жамиятнинг фаол етакчилари, ишбилармонлари, рахбарлари, идоранинг моҳир иш юритувчилари сифатида иқтисодиётнинг барча жабҳаларида фаолият олиб боришмоқда.

Турли музокаралар-у, битимлар тузишда одатда тушлик ёки бир финжон қахва қўйилган стол атрофида суҳбат олиб борилади. Қолаверса оддий дугоналар учрашувида ҳам ноқулай ахволга тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Бунда баъзи саволлар юзага келиши мумкин: Стол атрофида тиш тозалагичдан фойдаланиш мумкинми? Ресторанга келганингизда сумкангизни қаерга қўйиш керак? Театрга ёки кинога борганда ўз жойингизга қандай ўтиш мумкин? Биз шу каби саволларга жавоб бериш мақсадида турли ҳаётий вазиятларда ўзингизни тўғри тутишингизга ёрдам берувчи бир неча этикет қоидаларини тайёрладик.

1. Ресторанга борганингизда тарелка устидаги газламали салфеткани дарҳол тиззангизга қўйманг. Аввал буюртма беринг. Официант дастлаб сиз буюртирган ичимликни олиб келади. Биринчи овқатни келтиришганидан сўнг салфеткани иккига буклаб тиззангизга қўйинг. Ушбу кичкина газламали салфетка бор йўғи 3 та нарса учун мўлжаланган: - кийимингизни доғ ва майда ушоқлар тушишидан ҳимоя қилиш, овқат ёки ичимлик теккан бармоқларингизни артиш ҳамда сув ичишдан олдин оғзингизни артиш учун.

Овқатланишни тугатиб, салфеткани тиззангиздан олиб уни тарелканинг чап томонига қўйинг.

2. Овқатланаётганизда тишларингиз орасига нимадир кириб қолса, стол устидаги тиш тозалигични олиб оғзингизни очиб тишингиздаги нарсани олиб ташлашга шошманг. Бу ишни фақат столдан нарида, қўл ювиш хонаси каби жойларда амалга оширинг. Қолаверса, стол атрофида таблетка қабул қилиш, сочларни тўғрилаш, лаб бўёғидан фойдаланиш ҳам одобдан эмас.

3. Кўчада шаррос ёмғир ёққанда одатда ишхонамиз ҳўл соябонларимизни қуритадиган жойга айланади. Аммо соябонингизни катта очиб ишхонада ёки меҳмонда қуритиш яхши иш эмас. Бундай ишни уйда бажарган маъқул. Қолган барча жойларда махсус хоналардан фойдаланинг ёки шунчаки, соябонни илиб қўйинг.

4 Театрда ўз жойингизга ўтаётганингизда сиздан аввал келиб ўтирганларга қараган ҳолда ҳаракатни амалга оширинг. Агар хоним эркак ҳамроҳлигида бўлса, аёл эркак ортидан юриш керак. Ахир ноқулайликлар учун айнан эркак киши узр сўрайди.

5. Агар ресторанга ташриф буюрган пайтингизда сизни столингизгача официант кузатиб қўйса бунда официант, хоним, эркак кетма-кетлиги тартибида юрилади. Официант йўқлигида эса залга олдинда эркак киши ва унинг ортидан хоним кириши керак.

6. Умр йўлдошингиз билан сайрга чиққан пайтингизда ёҳуд бирга бирор жамоат жойига борганингизда, агар умр йўлдошингиз сизга нотаниш киши билан сўрашса, сиз ҳам албатта салом беринг.

7 Ресторанга келган аксарият хонимлар сумкаларидан айро ўтира олишмайди. Баъзилар уни тиззаларига ёки ўзлари ўтирган стулга қўйишади ва стулнинг бир учига ўтиришади. Бироқ бу нотўғри. Агар хонимнинг сумкаси кичик ўлчамда бўлса, уни яхшиси тўғридан-тўғри столга қўйиш мумкин. Катта ўлчамдаги сумкаларни эса стул орқасига илиш, ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланган кичкина стулчадан фойдаланган маъқул.

8. Йўталиш ёки аксиришга тўғри келиб қолса албатта салфеткалар билан оғзингизни тўсинг.

9. Овқатни чайнаётганда гапирмасликка ҳаракат қилинг.

10. Агар сиз мезбон бўлсангиз биринчи бўлиб овқатни тугагунча ейиш ҳам одобдан эмас.

11. Иш юзасидан учрашув бўлганда фақат энг зарур вақтларда қўл телефонингиздан фойдаланинг. Смартфонга келган хатларни ўқиб ўтиришингиз ҳамроҳингизга ёқмаслиги мумкин. Иложи борича диққатингизни ёнингиздаги одам билан суҳбатга қаратинг.